08:30 / 04.06.2022
1 114

«Гумонланувчининг айби 48 соатда тасдиқланмаса, қўйиб юборилиши керак» — сенатор

«Гумонланувчининг айби 48 соатда тасдиқланмаса, қўйиб юборилиши керак» — сенатор
Жиноят-процессуал кодексида белгиланган айрим моддаларни Конституцияга киритиш керак. Бу ҳақда Сенат қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов Конституциявий комиссия йиғилишидан сўнг «Дарё» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Қутбиддин Бурҳоновнинг айтишича, Жиноят-процессуал кодексини оддий аҳоли тугул кўплаб юристлар ҳам яхши билмайди. Шунинг учун ундаги бир нечта муҳим моддалар Конституцияда акс этиши зарур.

«Амалдаги Жиноят-процессуал кодекси 1994 йилда, Конституция эса 1992 йилда, яъни кодексдан 2 йил олдин қабул қилинган. Кодексда гумонланувчини ушлаб туриш тўғрисидаги 226-модда бор. Бу ерда жиноятни содир қилган шахс гумонланган тақдирда суриштирувчи, терговчи ёки ўша ишни олиб бораётган прокурор гумонланувчини 48 соат мобайнида ушлаб туриш ваколати мавжуд. 48 соат ичида унинг айби тасдиқланмаган тақдирда гумонланувчини тезлик билан очиқликка чиқариш керак. Лекин амалда бу ҳолатни назорат қилиш қийин.

Сабаб Жиноят-процессуал кодексини аҳоли тугул ўша соҳанинг ўзи билан шуғулланмаган юристларимиз ҳам тўлиқ эслаб қолишолмайди. Очиғини айтадиган бўлсак, билишмайди. Шунинг учун ҳам шу моддани, яъни 48 соат ичида айби тасдиқланмаса, унга нисбатан айб эълон қилинмаса ва эҳтиёт чораси кўрилмаган бўлса, тезлик билан озодликка чиқариш масаласи Конституция билан мустаҳкамлаб қўйилиши керак
», — деди сенатор.

Қутбиддин Бурҳоновнинг таъкидлашича, кейинги масалалар гумонланувчи ва айбланувчиларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ.

«Гумонланувчи ва айбланувчининг ҳуқуқлари ҳам Конституция билан мустаҳкамланиши сўралди. Сабаби амалдаги Жиноят-процессуал кодексида гумонланувчи ва айбланувчи қанча миқдорда айбланаётгани, қайси жиноятни содир этгани, унга қарши кўрсатма берган гувоҳларни чақиртириши, улар билан юзлаштириш ўтказилишини талаб қилиши ва уни ҳимоя қилиб берган гувоҳлар билан суҳбатлашиши ҳамда ҳимоя билан таъминланиши мажбурий экани кўрсатилган. Мана шу ҳолатни ҳам халқимиз билмагани учун кўп хатоларга йўл қўйилмоқда. Шунинг учун мазкур моддани Конституцияга киритиш лозим.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексида айбсизлик презумпсияси бор. Ҳар бир шахс ўзининг айбсиз эканини исботлаш унинг зиммасига қўйилмаган. Шу ҳолатнинг ҳам Конституцияда мустаҳкамланиши таклиф қилинди. Агарда тергов ёки суд жараёнида айбланувчи ёки судланувчига қўйилган айб ўз исботини тўлиқ топмаган тақдирда ва қўшимча далиллар тўплаш имконияти бўлмаган ҳолда, қонунни қўллаш амалиётига келганда ҳар қандай гумонлар айбланувчи ва судланувчи фойдасига ҳал қилиниши керак. Буни ҳам Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилса, давлат ривожи, айниқса, демократия учун хизмат қилади
», — деди Сенат вакили.

Аввалроқ Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича аҳолидан келаётган таклифлардан бири ўлим жазосини тиклаш масаласида бўлаётгани, аммо бу таклиф қабул қилинмаслигини айтганди. Шунингдек, у Ўзбекистон парламентар республикага ўтишига ҳали эрта экани ва бу керак ҳам эмаслигини таъкидлаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Гумонланувчининг айби 48 соатда тасдиқланмаса, қўйиб юборилиши керак» — сенатор