21:06 / 06.06.2022
1 277

Ўзбекистон ҳудудига дрон олиб кирган россиялик турист жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин

Ўзбекистон ҳудудига дрон олиб кирган россиялик турист жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин
Фото: Instagram / @Siberian.ин.чина
Ўзбекистон ҳудудига дрон олиб кирган Полина Ермакова исмли Россия фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда туристнинг ўзи Instagram’даги саҳифаси орқали хабар берди.

«Gazeta.uz»нинг Ермаковага таяниб ёзишича, у Қирғизистон бўйлаб сафаридан сўнг Ўзбекистонга келишга қарор қилган ва 15 май куни икки мамлакат ўртасидаги чегарани кесиб ўтган.

«Чегарани кесиб ўтаётганимда паспортимни бердим ва кириш учун штамп қўйишди. Шундан кейин сиз металл аниқлагичдан ўтасиз ва у ерда сумкангиздаги барча нарса кўрсатиб турилади. Чегарачилар дронингиз борми, деб сўрашди. Мен ҳа, дрон, ўтсам бўладими, дедим. Улар эса ўтишим мумкинлигини айтди», — дейди у.

Полина Ермакова Ўзбекистонга келишдан олдин дрон олиб кириш қоидаларини кўриб чиқиши керак бўлганини тан олган, бироқ у «чегарачиларнинг хатти-ҳаракатидан жуда таажжубга тушган».

«Чегарачилар дронни кўрди. У яширилмаган эди, сумкада ётганди. Ва мен тушунмаган нарса, муаммолар нега Ўзбекистон чегарасида эмас, балки Тошкентда бошланди. 17 май куни Тошкентдан Бухорога поездда бормоқчи эдим. Кечки поезд эди, соат 21:30 ларда вокзалга келдим. Мени Транспорт полицияси тўхтатди. Мен бу ерда ҳам металл аниқлагичдан ўтдим. Шундан сўнг мени ИИБ бўлимига олиб келишди ва барчаси бошланди», — дея тушунтиради аёл.

Туристнинг сўзларига кўра, унга нисбатан Жиноят кодексининг 244-4 моддаси (учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, бу бўйича 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиш мумкин.

Россия фуқаросига кўра, учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратини мусодара қилиш далолатномасини расмийлаштиришга доир ҳужжатларнинг нусхасини олмаган.

«Афсуски, менга ҳеч нарса беришмади. Мен билан формали бир одам ўтирди... У паспортимни қайта суратга олиб, уни қўлида яхшилаб текширди. 2014 йилда Мисрга борганимда урилган штампни топди. Шунингдек, Исроилга бормаган бўлсам ҳам, ушбу давлатнинг штампини аниқлади. У террорчи, наркоман эканимни ва узоқ вақт ўтиришимни айтди», — дейди у.

Полина Ермакова ушбу ички ишлар ходимининг исм-фамилиясини билишга уринган, бироқ дастлабки тергов вақтида унга «ўзимизникини сотмаймиз» дейишган. Россияликнинг айтишича, у ўз мамлакатининг Тошкентдаги элчихонасидан ёрдам олмаган.

«Ngs24.ru» нашрининг ёзишича, Россиянинг Тошкентдаги элчиси содир бўлган воқеадан хабардор. «Ҳа, вазиятдан хабардормиз, элчихона у билан алоқада бўлиб турибди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига ишни тезроқ ҳал этиш ва чегарачиларнинг бу каби номувофиқ ҳаракатларини тушунтиришлари бўйича нота юборганмиз. У қонунни бузганини ҳеч ким рад этмаяпти», — дейилади элчихона хабарида.

Элчихона матбуот котибига кўра, мамлакат ваколатхонаси бу каби масалаларда адвокат сифатида чиқиш қила олмайди, шу сабабли Полина Ермаковага ҳимоячилар рўйхатини сайтдан кўришни тавсия қилишган.

Таъкидланишича, Полина Ермакова 59 та, жумладан, АҚШ, Жанубий Америка, Хитой, Жанубий Корея, Япония каби давлатларда бўлган ва дронга боғлиқ ҳеч қандай муаммога дуч келмаган.

Ўзбекистонда 2015 йил 1 январдан учувчисиз учадиган қурилмаларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланишга нисбатан тўлиқ тақиқ жорий этилган. Фақат рухсатномаси бор алоҳида юридик шахсларгина дронлардан фойдаланиши мумкин.

2018 йил май ойида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида фото ва видеоматериаллар тайёрлаш учун хорижий ижодий гуруҳлар томонидан учувчисиз учадиган қурилмалар, хусусан, дронларни олиб киришга вақтинча рухсат берилган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ҳудудига дрон олиб кирган россиялик турист жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин