1 531
Бухорода ўгай болаларини уриб, уларни қийноққа солган ва танасини қайнаган сув билан куйдирган аёлга суд ҳукми ўқилди
Бухоро вилоятининг Пешкў туманида ўгай болаларини уриб, қийноққа солган ва уларнинг танасини қайнаган сув билан куйдирган 33 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман суди судьяси Фаррух Икромов хабар берди.
Пешкў туманидаги «Хуррам» МФЙ Калласанг қишлоғида туғилган аёл 2020 йилнинг май ойида турмушидан ажраб, бир нафар фарзандини турмуш ўртоғи тарбиясига қолдириб, уйига келган. Июль ойида эса уч хотинидан ажралиб, уч нафар вояга етмаган фарзанди билан ёлғиз яшаб келаётган 44 ёшли Р.Я. билан турмуш қурган.
«Қайнукам одобли, меҳнаткаш инсон. Тақдир тақозоси билан тўрт маротаба уйланди. Биринчи хотинидан фарзандсизлик туфайли ажрашган бўлса, иккинчи ва учинчи аёли ёш вафот этди. Кўргиликни қарангки, улардан уч нафар фарзанд қолди. Ҳар учала келинимиз ҳам иймонли, инсофли аёллар эди. Вояга етмаган болаларим она меҳрига зор бўлмасин, уларни ювиб-тарасин, дея тўртинчи ёш жувонга уйланди. Ҳамма кўргуликлар шундан бошланди»,— дейди судда сўз олган Р.Я.нинг келинойиси Гулнавоз Мақсудова.
Маълум бўлишича, Р.Я.нинг қариндошлари З.К.ни илиқ қаршилашган. Етим болаларга меҳр кўрсатишини, қандай ёрдам керак бўлса, қўлидан келгунча қўллаб-қувватлаши лозимлигини билдирган. Бироқ З.К. турмуш ўртоғи Р.Я.дан ҳомиладор бўлган вақтдан бошлаб, унинг вояга етмаган уч нафар фарзанди — 13-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Ш.Р., 4-синф ўқувчиси Ж.Р. ҳамда 1-синф ўқувчиси В.Р.ларга нисбатан раҳмсизларча муносабатда бўлиб келган. Оиланинг тўнғич қиз фарзанди Ш.Р.ни мунтазам равишда уриб келган. Танасининг турли қисмларига қайнаган сув қуйиб, куйдириш орқали қийнаган. Унинг оёқ, қўл ва баданларига қайноқ сув тўкиб, пайпоқ кийиб юришга мажбурлаган ва бу ҳақда бирор кишига билдирса, уни ўлдириш билан таҳдид қилган.
Вояга етмаган қиз қўрққанидан жисмоний ва руҳий руҳий азоб чекаётгани ҳақида ҳеч кимга айтмаган.
Кунларнинг бирида қиз ўзидан кичик бўлган укасининг кийимларини ердан олиб турган вақтда аёл унинг сочидан судраб урган ва итариб юборган. Қизалоқнинг кўзи шилиниб, кўкариб кетган. Бундан ташқари, кенжа укасига уйдаги ширинликлардан олиб бергани учун қаттиқ дўппослаган. Кенжа фарзанд ошхонадаги хамирни олиб, ғижимлагани учун уни ҳам ерда ётган резина шланг билан урган. Акаси «Укамни урманг» деб зорланиб йиғлаганда, унга қўшиб акасини ҳам урган. Шу куни кечқурун уч нафар вояга етмаган болаларнинг қўлини эшик ва деразага боғлаб, эрталабгача шу ҳолда қолдирган.
«З.К. ўзининг шафқатсиз хатти-ҳаракатларини давом эттириб, эртаси куни вояга етмаган қиз Ш.Р. идиш-товоқларни ювиб турганида уни ошхона ёнидаги уйга олиб кириб, оғзига пешоб қилган. Кейин эса ташқарига олиб чиқиб, челакда турган иссиқ сувни устига сепиб юборган. Суд олди тергов ишлари давомида айбланувчининг хатти-ҳаракатлари, қабиҳликлари-ю, етим болаларнинг чеккан жабрлари очиқланар экан, беихтиёр ўзимнинг ҳам йиғлаб юборганимни яширмайман», — дейди судья Фаррух Икромов.
Гулнавоз Мақсудованинг «Дарё»га билдиришича, қайнукаси Россияга ишлаш учун кетган вақтда З.К. вояга етмаган жияни Ш.Р.нинг шилинган ва кўкарган кўзларини кўриб, ўгай она қўлида яшаётган жиянларининг аҳволи билан қизиқа бошлаган.
«Болаларни уйга олиб келар эканмиз, ҳар учаласининг ҳам баданлари шилингани, азбаройи қайноқ сув тўкилаверганидан моматалоқ бўлиб қолганини кўриб, юрагимиз орқага тортиб кетди. Инсон ҳам шу қадар шафқатсиз бўладими? Тўнғич қиз жиянимизнинг оёғини қайноқ сув билан куйдириб келгани етмагандек жароҳат устидан пайпоқ билан яширишга мажбурлаб келганини нима дейиш мумкин? Қизалоқнинг қўрқувдан ҳеч кимга айтмай, оғриқларга чидаб, куйган ва терилари шилинган ҳолда оёғига пайпоқ билан мактабга ҳам қатнаганини сўз билан ифодалаш қийин», — дейди Гулнавоз Мақсудова.
Гулноза Мақсудова келинининг кирдикорларини қариндош-уруғларига билдирган. Қариндошлари зудлик билан етиб келган ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига билдириб, З.К.га нисбатан қонуний чора кўрилиши юзасидан кўрсатма берган.
«Суд, тергов органи томонидан судланувчи З.К.нинг вояга етмаган болаларни муттасил равишда уриб қийнаганликда ифодаланган ҳаракатлари Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми ‘а’ (қийнаш) банди билан тўғри квалификация қилинди. Бироқ Жиноят кодексининг 55-моддасига (жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар) асосан унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Аммо у бундан ортиқ жазога муносиб эди. Афсуски, қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлиги боис унга қамоқ жазосини қўллай олмадик», — дейди Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман суди судьяси Фаррух Икромов. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда