23:00 / 18.07.2022
1 654

Жамоатчиликнинг кескин чиқишлари фонида Inkuzart’нинг Зеленский ва Путин акс этган сурати ўчирилди

Жамоатчиликнинг кескин чиқишлари фонида Inkuzart’нинг Зеленский ва Путин акс этган сурати ўчирилди
Фото: Telegram
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Inkuzart тахаллуси остида ижод қилувчи кўча рассомининг Владимир Зеленский ва Владимир Путин тасвирланган янги граффитиси пайдо бўлгани хабар қилинганди. Ижтимоий тармоқларда ижод намунаси ўчирилгани акс этган фотосуратлар тарқалди.

Муаллиф сурат чизиш жараёни акс этган постда «Ким ҳақ ёки ноҳақ — бу қайси томондан қарашга боғлиқ», деб рус ва украин тилларида изоҳ ёзиб қолдирган.

Сурат ўчирилганидан кейинги ҳолат
Фото: Telegram

Ижод намунаси жамоатчиликнинг кескин муҳокамаларига сабаб бўлди. Бир қатор фаоллар ва фикр етакчиси бўлган блогерлар Inkuzart ҳамда у чизган суратни танқид қилиб, ҳатто, муаллифни Россия пропагандисти сифатида таърифламоқда. Жумладан, тадбиркор, Korzinka супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимовнинг фикрича, ҳеч бир нуқтаи назар урушни тушунтиришга ёки оқлашга ҳаракат қилиши керак эмас.

«Агрессия, қотилликлар, миллионлаб бегуноҳ қурбонларнинг чексиз изтироблари, тинч аҳолига қарши уруш жиноятларига қай томондан қарамайлик, шундайлигича қолаверади. Чунки бу фалсафий тортишув ёки мавҳум қарашлар тўқнашуви эмас, бу ҳеч қайси ахлоқ тамойилларига тўғри келмайдиган ҳақиқий уруш.

Буни мен ҳурмат қилган ижодкор қилганидан икки карра афсусдаман
», деб ёзади у Facebook’даги саҳифасига жойлаган постида.

Иқтисодчи Юлий Юсупов ҳолатга муносабат билдириб, ҳар кимда ҳам ўз «ҳақиқати» борлигини, бу эса ҳар қандай жирканчликни оқлаб бера олишини айтган.

«Албатта, ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор. Зўравон сифатида ўн ва балки юз минглаб одамларнинг ўлимида айбдор бўлган, ҳокимиятни сақлаб қолиш учун уммонларча қон тўкишга тайёр, лекин жони ширинлигидан ўзи бункерда қўрқоқларча титраб ўтирадиган диктатор-манякда ҳам, ёки ўз халқини омон қолиш ва озодлик учун етаклаган президентда ҳам. Агар сиз манякнинг нуқтаи назардан қарасангиз, ҳақиқат каннибализм, қотиллик, зўравонликларни оқлайди.

Аммо бу икки ҳақиқатни тенглаштиришга арзийдими? Гитлер ва Черчилл, Чикатило ва унинг баъзи қурбонлари билан ўхшаш тасвирлар қандай кўринади? Шунга қарамай, бу ҳар хил ‘ҳақиқатлар‘ни тенглаштириш ҳам манякларни ва қотилларни де-факто ҳимоя қиладиган позициядир. Бу ‘ҳаммаси бу қадар содда эмас’ туридан
», — дейди у.

Русийзабон блогер Никита Макаренко эса ўз Telegram-каналида қуйидагича пост ёзган: «Шахсан мен учун рассом Inkuzart тугади. Мен унга Пабло Пикассонинг ‘Герника’ асарини диққат билан томоша қилиб чиқишни тавсия қиламан. Хайр, Inkuzart».

Пабло Пикассо ижодига мансуб «Герника» асари
Фото: пиcассотрадиcионйвангуардиа

У сурат остида келтирилган «Ким ҳақ ёки ноҳақ — бу қайси томондан қарашга боғлиқ» изоҳига эътироз билдирган.

«Йўқ, бундай эмас. Рассом яхшини ёмондан ажрата билиши керак. Ва у буни уддалай олмади», — дейди Макаренко.

Бундан ташқари, блогер Нурбек Алимов Inkuzart биринчи марта ўчириб юборишга лойиқ сурат чизганини, блогер Дилшод Ҳошимов эса урушни оқлайдиган ҳар қандай пропаганда ўчирилиши ва блокланиши тўғри йўл эканини ёзган.

«Gazeta.uz» сурат юзасидан рассомнинг ўзидан изоҳ олган. Inkuzart қисқача қилиб: «Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати борлигини айтмоқчи бўлдим», — дея жавоб берган. Шунингдек, у: «Мен тинчлик тарафдориман», — дея қўшимча қилган.

Шундан сўнг граффити ўчирилгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланди ва «Дарё» интернет-нашри мухбири сурат ўчирилгани, шунингдек, жамоатчиликнинг фикрлари юзасидан муносабат олиш учун Inkuzart билан боғланди. Суҳбатда ҳозирда ҳолат бўйича изоҳ беролмаслигини, кейинчалик пост шаклида фикрларини баён қилишини айтган Абдураҳмон (Inkuzartнинг асл исми) бироз вақт ўтгач Telegram-каналига қуйидаги сўзлар ёзилган суратни жойлади:

«Икки лагерга бўлиниб олган одамларнинг қарама-қарши фикрларини кузатиш қизиқ. Буни сурат исботлади. Тинчлик бўлсин».

Фото: Telegram /@inkuzart

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жамоатчиликнинг кескин чиқишлари фонида Inkuzart’нинг Зеленский ва Путин акс этган сурати ўчирилди