
«Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов депутатлардан Ўзбекистондаги меҳнат фаолияти бўйича қабул қилинган қарор ижросини таъминлашни сўради.
Ўзбекистонда 13 млн 600 минг киши банд бўлиб, шундан расмий секторда банд бўлганлар сони 6 млн 100 минг кишини, норасмий секторда 5 млн 700 нафар, чет элда ишлаётганлар сони 1 млн 800 минг кишини ташкил этади.
Зафар Ҳошимов мамлакатнинг бутун меҳнатга лаёқатли аҳолисининг деярли ярми норасмий, кафолатланган ҳуқуқсиз, мунтазам маошсиз, эртанги кунга ишончсиз меҳнат қилаётганини таъкидлади.
- Бу миллионлаб юртдошларимиз неча соат, қандай шароитда ишлаётгани, уларга таътил ва дам олиш кунлари берилганми йўқми номаълумлигини билдиради, — деб ёзади у.
Тадбиркор энг ёмони пенсия масаласи эканлигини, бу одамлар кейинчалик пенсия ёшига етиб, бутун умр меҳнат қилганини исботлай олмаслигини айтган.
- Меҳнат бозоридаги ушбу нозик масалага давлат томонидан эътибор қаратила бошлаганидан жуда мамнунман, — деб давом этади Зафар Ҳошимов.
Такси ҳайдовчиларига якка тартибдаги тадбиркор мақомининг берилиши камида юз минглаб бу соҳада меҳнат қилувчиларга ўз иш жойларини қонунийлаштириш имконияти ва кафолатларини берди.
- Бу миллионлаб норасмий иш билан банд бўлганларнинг аксарияти хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш ва чакана савдо соҳаларида банд, — дейди «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси.
Президентнинг 2022 йил 27 январдаги қарори билан иш берувчилар ўз иш жойларини қонунийлаштириш мақсадида иқтисодиётнинг ушбу тармоқларида ягона ижтимоий тўлов миқдорини 12 фоиздан 1 фоизга камайтириш белгиланди.
- Бу барча тўсиқларни тубдан бартараф этувчи, миллионлаб ишчиларни норасмий бандликдан формал секторга олиб чиқувчи оқилона қарор. У орқали умумий овқатланиш ва чакана савдо соҳаларида иш ўринларини яратиш ва қонунийлаштириш рағбатлантирилади, — деб ёзади у.
Афсуски, апрель ойи бошидан кучга кирган мазкур фармонда кўрсатилган чора-тадбирлар ҳалигача тўлиқ амалга оширилмаяпти.
Жумладан, қонунчилар мазкур фармонда белгиланган корхоналарнинг ижтимоий тўловларини камайтириш тўғрисидаги қоидаларини амалдаги Солиқ кодексига киритмаган.
Ҳошимовнинг айтишича, ҳуқуқий томондан, фармон қайсидир маънода тўхтатиб қўйилган, у билан бирга норасмий ишлаётган миллионлаб ватандошларимизнинг ҳуқуқлари ва тақдири ҳам.
- Депутатларимиздан Президентимиз бошлаган эзгу ишни охирига етказишни, Солиқ кодексининг тегишли бўлимларига қарорда кўрсатилган ўзгартиришларни киритишни сўраб мурожаат қиламан, — деб ёзади Зафар Ҳошимов.
Тадбиркор мурожаатини миллионлаб меҳнаткаш ватандошларимизга имконият, ҳуқуқ ва хавфсиз келажакни беринг, дея якунлайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар