
Ariana News хабарига кўра, 25 июль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ва Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Тошкентда маслаҳатлашувлар ўтказди.
Нашрнинг ёзишича, Муттақий Афғонистон бўйича халқаро конференцияга мезбонлик қилгани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдириб, ўтмишда бу каби анжуманлар ўт очишни тўхтатиш ва урушнинг тугаши муносабати билан ўтказилган бўлса, бу сафар асосий эътибор Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига қаратилаётганини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, Муттақий Афғонистонда хавфсизлик яхши сармоявий имкониятлар яратганини ва бир муддат аввал Афғонистон ва Ўзбекистон чегарасини бузишга уринган «барча унсурлар» тўхтатилганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, «Афғонистон Ислом Амирлиги» ўз мажбуриятларига қатъий содиқдир ва ҳеч қайси гуруҳ ёки шахсга Афғонистон ҳудудидан учинчи давлатга қарши фойдаланишига йўл қўймайди.
Ўз навбатида, Норов Афғонистонда хавфсизликни мустаҳкамлаш, Афғонистон йўналиши бўйича Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш соҳасидаги сўнгги ўзгаришларни олқишлаб, Ўзбекистон президенти Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. Жумладан, Термиз - Мозори-Шариф - Кобул - Пешовар темирйўл линиясида ишлар олиб борилмоқда.
Норовнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа амалга оширилиши билан Марказий Осиё ва Жанубий Осиё бир-бири билан боғланади ва Афғонистон иқтисодиёти ўсади. Муттақий Афғонистоннинг темирйўл лойиҳасига тайёргарлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Покистон билан музокараларда яхши ютуқларга эришилди, энди амалий ишлар бошланади.
Норов ва МуттақийТошкентда маслаҳатлашувларАфғонистон иқтисодиётиСавдо алоқалариХавфсизлик мустаҳкамлашТемирйўл лойиҳаси Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар