08:00 / 06.08.2022
3 303

«Тасаввур қиляпсизми, мен гастарбайтерга айланиб қолдим» — Ўзбекистонга келган Россия фуқаролари

«Тасаввур қиляпсизми, мен гастарбайтерга айланиб қолдим» — Ўзбекистонга келган Россия фуқаролари
Россиянинг «АиФ» сайти Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга кетган Россия фуқаролари қандай яшаётгани ҳақида материал эълон қилди. Қуйида «АиФ» мухбири Георгий Зотовнинг Ўзбекистонга кўчиб келган баъзи Россия фуқаролари билан уюштирган суҳбатини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Февраль ойидан бери турли сабабларга кўра 10 мингга яқин Россия фуқаролари Марказий Осиё мамлакатларига кўчиб ўтди. Янги жойга кўникиб кетиш ҳаммада ҳам ўхшамади. Масалан, петербурглик 24 ёшли Романга Ўзбекистон маъқул келмади.

«Бу ерда қашшоқлар яшайди, нарх-наво анча арзон деб ўйлагандим, — деб шикоят қилади у. – Ахир ўзбеклар бизнинг мамлакатда кўча супурувчи, ҳайдовчи, энг арзон дўконларда юк ташувчи бўлиб ишлаётганини кўргандим-да. Бирдан одамни ақлдан оздирадиган даражадаги нархларни кўриб шошиб қолдим. Мен турар жой учун ойига тахминан 100 долларни чамалаган эдим, лекин Тошкентда 2 хонали уйни 500 долларга амаллаб топдим.

Менинг спаниэл зотли кучугим бор. Кўпчилик ижарага уй беришни хоҳламади: улар мусулмонлар учун итлар «нопок» эканлигига шаъма қилишди. Қолаверса, иш топиш жуда қийин. Мен деярли барча пулимни сарфлаб бўлдим... Буёғига нима қилиш кераклигини билмайман
».

- Яъни сиз фуқаролари гастарбайтерлик қилиш учун мамлакатимизга келаётган камбағал давлатга бориб, у ерда иш топмоқчи бўлдингиз, шундайми?

- Мен видеоблогер бўлмоқчиман. YouTube учун рекламалар суратга олмоқчиман. Санкт-Петербургдаги курсларда ўқиганман, бўш пайтларимда баъзан пул ишлаб топдим, шунингдек, ота-онам ҳам пулдан ёрдам бериб туришди. «Иккинчи пойтахт»дан келган одамни бу ерда яхши кутиб олишади, деб ўйлагандим. Лекин Тошкентда менинг ғояларимга бефарқ бўлишди. 4 ой давомида пул ҳам тугади, ота-онам норози бўлиб, қайтишим кераклигини айтишмоқда. Ахир официант бўлиб ишлаб юрмайман-ку!

Роман Россияда армияга чақирилишдан қўрқиб, кўчиб кетганини яширмайди. Унинг баъзи танишлари ҳам таҳликали даврлар тугашини Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда кутишга қарор қилишди.

«Бирдан Россия ва Ғарб ўртасида ядро уруши бошланиб қолса-чи?, – фикрини билдиради у. – НАТО эса Тошкентни бомбардимон қилиши даргумон».

Ўзбекистон ва Россия ўртасида қонунни бузган ҳолатларда гумонланувчиларни топшириш тўғрисида келишув борлигидан хабари борлиги ёки йўқлигини сўрадим. Агар Роман «армияда хизмат қилишдан бўйин товлаш» моддаси билан айбланган тақдирда Ўзбекистон уни Россияга топширади. Йигитнинг ранги оқариб кетди. Албатта, у бу ҳақда ҳеч нарса билмаган.

«Мен Ўзбекистонни Африкага ўхшаш давлат деб тасаввур қилгандим»

Янги эмигрантларнинг асосий муаммоси улар ўзлари бўлиб турган мамлакати ҳақида ҳеч нарса билишмайди. 23 ёшли риэлтор бўлиб ишловчи москвалик Маша март ойи бошида Тошкентга учиб келган, билет унга 62 минг рублга айланган.

Машанинг тан олишича, Ўзбекистонга келишдан олдин бу ерни «5 минг рублга ҳеч нарсадан ўзини тиймасдан, бир ой яшаш мумкин бўлган Африкага ўхшаш давлат» деб тасаввур қилган. Аммо у 30 минг рублга амаллаб квартира топишга муваффақ бўлган, қўшимчасига коммунал хизматлар тўлови ҳам бор.

«Мен Тошкентдан туриб Москвадаги мижозларга уй-жой сотиб олиш бўйича онлайн консультация бериб пул топаман, деб ўйлагандим, — хафа бўлади Маша. – Лекин маълум бўлишича, консультация пайтида одамларга менинг шахсан иштироким керак экан. Ҳозирда қарз бўлишим мумкин бўлган барчадан қарзман. Ўзбекистонда мендек тажрибага эга бўлган ёшлар умуман керакмаслигидан ҳафсалам пир бўлди. Ҳамма ҳам «айтишник» бўлавермайди-ку!».

«Бундай қолоқлик ҳақида билишни ҳам истамайман»

Соғлом ҳаёт тарзи тарафдори бўлган Марияни ўзбек ошхонаси жиғибийрон қилмоқда.

«Улар фақат гўшт ейишади. Ҳеч қандай парҳез маҳсулотлар йўқ, буғда пиширилган балиқ котлетлар, брокколи оммалашмаган, киноа ёки чиа уруғлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ёғда қовуриб тайёрланадиган таомлар ёки кансерогенли кабоблар ҳаддан ташқари кўп. Қўй гўшти жиққа ёғ билан дастурхонга тортилади, мен холестерин ҳақида ўйласам титраб кетаман. Итальян ва япон ресторанларининг Москвадаги билан солиштирганда сифати анча паст. Мен ўзимга товуқ қайнатаман ва уни ҳафта давомида истеъмол қиламан. Тасаввур қиляпсизми, мен гастарбайтерга айланиб қолдим». Мен елкамни қисаман. «Ўзбеклар Москвада пулни тежаш учун бир дона квартирани 20 киши ижарага олишади ва «Доширак» (тез тайёрланадиган лағмон) еб кун кўришади».

«Э-э-э, — дейди Мария. — Мен бундай қолоқлик ҳақида билишни ҳам хоҳламайман. Москвадан келган риэлторни улар бошига кўтаради деб ўйлагандим. Лекин улар менинг эълонларимга жавоб ҳам қайтаришмади».

Мария энди АҚШга кетишни орзу қилмоқда. «У ерда ҳаммага иш бор. Тилни билмайман, лекин ўрганаман».

Қўшма Штатларда 4 ой ичида риэлторга айланиш иложсиз, лекин Машага буни айтмадим. Менимча, бу бефойда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Тасаввур қиляпсизми, мен гастарбайтерга айланиб қолдим» — Ўзбекистонга келган Россия фуқаролари