Қарийб 110 йил олдин Хива хонлигининг бош вазири Саид Исломхўжа ўлдирилди. Аммо давлатнинг энг нуфузли амалдорига қарши уюштирилган суиқасд тергови жуда суст олиб борилди. Қотиллар топилмади ва жиноят расман очилмаганича қолмоқда. Ушбу мақолада воқеалар ривожини тиклашга, Хива саройининг яширин бурчакларига назар солишга, қотиллик ташкилотчилари, ижрочилари ҳақидаги маълумотларни жамлашга уриниб кўрамиз.
Саид Исломхўжа (Худойберган Девонов фотосурати, 1910 йил)
Биринчи жаҳон уруши арафасида Россия империяси ҳукмронлиги остида бўлган Хива хонлигида сиёсий ҳаётни издан чиқарган 2 та фавқулодда воқеа юз берди.
Улардан биринчиси (1911-1912) «девонбегилар» номи билан машҳур бўлган бир гуруҳ нуфузли амалдорларнинг ҳибсга олиниши ва узоқ муддат давомида хоннинг ғазаби остида яшаши билан боғлиқ эди.
Иккинчиси – 1913 йил август ойида бош вазир ва хонликнинг маъмурий-молиявий тизимида режалаштирилган ислоҳотларнинг бош ижрочиси Саид Исломхўжанинг қонли ўлдирилиши бўлди. Ушбу жиноят расман очилмаганлигича қолмоқда.
Иккала воқеа ҳам кўплаб миш-мишлар, тахминларга сабаб бўлган ва тарихчилар эътиборини тортиб келган. Ушбу мақолада турли манбаларга таянган ҳолда воқеалар ривожини тиклашга, Хива саройининг яширин бурчакларига назар солишга, бош қаҳрамонлар ва уларнинг ҳаракатлари сабабларини аниқлашга уриниб кўрамиз.
«Рус аскарлари Амударё қирғоқларида» - Николай Каразин асари (runivers.ru)
Хива устидан Россия ҳукмронлигининг ўрнатилиши
1873 йил март ойида Россия империяси томонидан Хива хонлигига қарши ҳарбий юриш бошланди. Бунга генерал фон Кауфманнинг қўмондонлиги остида 12300 аскар жалб қилинди. Рус қўшинлари Хивага тўрт томондан — Тошкент, Казалинск, Оренбург ва Каспий денгизининг икки портидан (Красноводск ва Манғишлоқ) юриш қилдилар. 1873 йил 29 май куни улар хонликнинг деярли барча асосий стратегик нуқталарини босиб олиб, Хивага кириб боришди. Бир неча кун олдин Хивадан қочган хон Муҳаммад Раҳим II саройга қайтарилди ва Россия ҳукумати томонидан хонликнинг олий ҳукмдори сифатида тасдиқланди. У ўзини «Бутунроссия императорининг камтарин хизматкори» сифатида тан олди.
Кейинги ҳафталарда рус ҳокимияти босиб олинган ҳудудларда маъмурий-бошқарув тизимини ташкил этиш чораларини кўрди. Жумладан, 1873 йил 12 июнда хон «Хива хонлигида қулдорликни тугатиш» тўғрисидаги манифестни имзолади. Шунингдек, саройда Муҳаммад Мурод (Матмурод) девонбеги раҳбарлигидаги нуфузли аксилроссия гуруҳи йўқ қилинди. У ўз сафдоши Раҳматулла Ясовулбоши билан бирга олдин Казалинскка, кейинчалик Калуга вилоятига сургун қилинди.
1873 йил 12 августда Хива хонлиги ва Россия империяси ўртасида «Гандимиён» деб номланган тинчлик битими имзоланди. Ҳужжатга кўра, Хива хони рус ҳукуматининг рухсатисиз қўшни давлатлар билан тўғридан тўғри ва дўстона алоқалар ўрнатиш, ҳар қандай савдо ва бошқа шартномалар тузиш ҳуқуқидан воз кечди.
Рус қўмондонлиги Амударёнинг ўнг қирғоғида, хонлик пойтахтидан 40 км узоқликда Петро-Александровск қалъасини (ҳозирги Тўрткўл) қуриш ишларини бошлади. Қалъани қуришдан мақсад - «Хивани тийиб туриш ва таъсир остида қолдириш, унда содир бўлаётган воқеаларни доимий кузатиб бориш ва улардан ўз вақтида хабардор бўлиш» эди.
Хива саройидаги сиёсий кучлар
Муҳаммад Раҳимхон II (1865—1910) ҳукмронлигининг охирига келиб, Хива саройида иккита нуфузли сиёсий гуруҳ шаклланди. Улардан биринчисига Матмурод девонбегининг ўғиллари бошчилик қиларди. 1880 йилда собиқ девонбеги Калуга сургунидан қайтган ва шу заҳотиёқ амалига тикланган. Матмурод девонбеги то ўзининг ўлимига (1901 йил) қадар хонликка норасмий раҳбарлик қилиб келган. Унинг вафотидан кейин девонбегилик лавозимини мерос қилиб олган ўғиллари – Муҳаммад Ҳусайнбек, шунингдек, хоннинг яқин одамлари қаторига кирган Шайх Назарбой ва Омонкелдибой ўз қўлларида сиёсий ҳокимиятни ушлаб туришда давом этдилар.
Иккинчи гуруҳнинг етакчиси Саид Исломхўжа ҳисобланарди. 1908 йилга келиб у хонликнинг энг нуфузли шахсларидан бирига айланди – унинг ваколатига молиявий бошқарув масалалари кирган.
Муҳаммад Раҳимхон II кексайиб бораётган бўлса-да, қаттиққўллик билан ҳар иккала гуруҳнинг ўзаро даъво-иштиёқларини жиловлай олган ва хонликдаги сиёсий вазиятнинг издан чиқишига йўл қўймаган.
Исломхўжа нуфузининг ошиши
1910 йил 16 августда Муҳаммад Раҳимхон II вафот этгач, Россия ҳукумати розилиги билан унинг ўғли Асфандиёр тахтга ўтирди.
«Қатъиятсиз» деб ном қолдирган хон даврида сарой элиталари ўртасидаги қарама-қаршилик янада кучайди. Улар ёш ҳукмдор устидан таъсир ўтказиш учун кураша бошладилар.
Янги хоннинг тахтга ўтириши рус маъмуриятининг хонликни маъмурий ва молиявий тизимида ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги қатъий талаблари билан бир вақтга тўғри келди. Ислоҳотлар мансабдор шахсларнинг ваколатлари аниқроқ белгиланиши, уларнинг ғазнадан қатъий белгиланган маош олиши, барча ерлар кадастрдан ўтказилиши ва уларнинг солиққа тортиш тизимини ташкил қилиш, шунингдек, бошқа чораларни назарда тутарди.
Рус маъмурияти ушбу вазифаларни амалга оширишда ислоҳотчи ва мўътадил либераллаштириш тарафдори сифатида танилган 38 ёшли бош вазир (вазири акбар) Саид Исломхўжа хизматига таянадиган бўлди. Натижада, унинг хонга нисбатан мавқейи ва таъсири янада кучайди, амалда хонликнинг энг қудратли мулозимига айланди.
Саид Исломхўжа асосий маъмурий ва молиявий ишларни назорат қила бошлади, рус маъмурияти билан расмий алоқаларни бошқарди. Унинг тавсияси билан мансабдор шахслар асосий лавозимларга тайинланарди. Ҳар қандай масала ечимига эришиш учун вазири акбардан ёрдам сўраш зарур эди. Саид Исломхўжа уйида муҳим давлат масалалари муҳокама қилинадиган муқобил ёки «кичик» саройга ўхшаш маскан шаклланди. У ерга нафақат амалдорлар, балки хон аёнлари ҳам анъанавий «салом»га кела бошладилар.
Бироқ хон энди қўғирчоқ ҳукмдор роли билан кифояланишни истамасди. У яқин сафдошлари, айниқса, марҳум хон даврида мансабга кўтарилган одамлар ўртасидаги зиддиятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилди. Ва охир-оқибатда буни уддалади.
Асфандиёрхон Санкт-Петербургда (Сергей Михайлович Прокудин-Горский фотосурати, 1913 йил. Wikipedia)
«Девонбегилар»нинг ҳибсга олиниши
Қарама-қаршиликнинг биринчи босқичи 1911 йилда, Матмурод девонбегининг уч ўғли ҳибсга олиниши билан бошланди. Уларга ҳукумат ва хон ислоҳотларига қарши режа тузганлик ҳақидаги айбловлар қўйилди. Ҳокимиятдан четлатилиб, мол-мулклари мусодара қилинди.
Полёзҳожи Юсупов «Ёш хиваликлар тарихи» китобида фитна тафсилотларини келтиради.
«Хон улуғ амалдорларни чақириб, Исломхўжа ҳақидаги шубҳаларини айтди. Хоннинг ниятидан бехабар бўлганлар Исломхўжадан норози эканини очиқ билдира бошладилар. Хон барча даъволарни эшитиб, Исломхўжага қарши жамоавий эътироз баёнотини ёзишни таклиф қилди. Баёнот ёзилгач, уни Исломхўжага кўрсатди. Ушбу фитна билан хон амалдорлар ўртасидаги душманликни кучайтириш, отасига хизмат қилган улуғлар ўртасига нифоқ солиш, уларнинг обрўси ва таъсирига путур етказишни мақсад қилган эди».
«Девонбегилар»нинг ҳибсга олиниши рус маъмуриятининг хабарисиз содир бўлган ва албатта бу иш уларни ташвишга солган. Тошкент ва Петро-Александровскда баёнотни имзолаганликда айбланаётган тўққиз нафар нуфузли шахсдан фақат тўрт нафари ҳибсга олингани ва мулки мусодара қилингани эътибордан четда қолмаган. Рус маъмурияти Матмурод девонбеги ўғилларининг айби тўлиқ исботланмаганини ички ёзишмаларда баён қилган.
Саид Исломхўжанинг Қибла Тоза боғ қароргоҳи (Туризм ва маданий мерос вазирлиги)
«Саид Исломхўжанинг мустабид ҳокимияти барҳам топди...»
Мустамлакачи амалдорларнинг башоратларидан фарқли ўлароқ, «девонбеги»ларнинг ҳибсга олиниши Саид Исломхўжа мавқейини мустаҳкамлашга ёрдам бермади. Аксинча, бу воқеадан нуфузли мулозимнинг мухолифлари уни хонлик аҳолиси орасида ва рус маъмурияти олдида обрўсизлантириш учун кўпроқ фойдаландилар.
1912 йил 6 ноябрь куни Хивада Қурбон ҳайити нишонланди. Хон анъанага кўра, Нуруллабой саройидаги қароргоҳидан тантанали равишда чиқиши керак эди. Унга «салом бериш» тадбирига уй қамоғида бўлган «девонбегилар» ҳам киритилди ва бу кутилмаган ҳолат бўлди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, «хон эгилиб турган «девонбегилар»га назар солган ва соқолини силаган». Бу эса салом қабул қилингани ва хон ғазабдан тушганини англатар эди. Буни тўпланган мулозимларнинг барчаси пайқаган.
Худди шу вақтда оломон орасидан бир кампир чиқиб, баланд овозда Саид Исломхўжани қарғай бошлайди, «меҳрибон» хон номини эса улуғлаб, дуо қилади. Кампирнинг бу иши ва «Саид Исломхўжанинг мустабид ҳокимияти барҳам топди...» деган сўзлари оломонда катта таассурот қолдиради.
Албатта, «ғазаб остидаги» собиқ амалдорларнинг тантанали тадбирга киритилиши, шунингдек, «кампир»нинг бош вазирни қаттиқ қарғаши хоннинг розилигисиз содир бўлиши мумкин эмасди. «Лаънат» ҳодисаси саройда кучлар мувозанатининг ўзгарганини ва бош вазир ҳокимияти заифлаша бошлаганини англатар эди.
1912 йил 8 декабрда, ўн беш ойлик «четлатишдан» кейин «девонбегилар» авф этилди ва аввалги лавозимларига тикланди. Бу нафақат Саид Исломхўжа ва рус маъмурияти учун, балки сарой аёнлари учун ҳам мутлақо кутилмаган воқеа бўлди. Тошкентдан Петербургга етказилган махфий хабарномада «Саид Исломхўжанинг ҳокимияти якунига етаётгани» ҳақида ёзилди.
Тунги қотиллик
1913 йил 9 августда Саид Исломхўжа ўлдирилди. Қотиллик бўйича тергов ҳеч қандай натижа бермади, аксинча Хива ҳокимияти очиқчасига ишни ёпишга уринди.
Катта эҳтимол билан қотиллик хонликнинг энг юқори амалдорлари томонидан уюштирилган фитна бўлиб, Асфандиёрхоннинг рухсатисиз рўй бериши имконсиз эди. Ҳарҳолда, Саид Исломхўжанинг йўқ қилиниши хон мавқейи мустаҳкамланишини, шунингдек, ислоҳотларга бўлган умидларнинг барбод бўлишини англатарди.
Туркистон генерал-губернатори Александр Самсонов Санкт-Петербургга етказган хабарномада Исломхўжа «сўнгги пайтларда қуролли соқчилар билан юрмай қўйгани ва хавфсизлик масалаларига эътибор бермаганини» қайд этади. Бу маълумотлар тарихчи олим Улфатбек Абдурасуловнинг «Хива саройи сирлари» номли мақоласида келтирилган.
9 август куни кечқурун Саид Исломхўжа одатдагидек хон қароргоҳи, «Нуруллабой саройи»га боради. Аммо номаълум сабабларга кўра у «ёлғиз, (ҳамроҳсиз ва соқчисиз), шунингдек, ўзига нотаниш бўлган бошқа извошчи» билан бирга бўлган. Қотиллик ўша куни тунда, Қибла Тозабоғдаги қароргоҳига қайтиб келаётганида содир этилган.
«Миш-мишларга кўра, - деб ёзади Самсонов, - ҳужум икки киши томонидан амалга оширилган. Улардан бири извошчини қилич билан яралаган, иккинчиси Исломхўжани пичоқлаган. Бу одамлар тезда ғойиб бўлишган... уларнинг кимлиги номаълум. Воқеа жойини дастлабки кўздан кечириш шуни кўрсатдики, «қотиллик оқибатида Исломхўжа таланмаган, унинг ёнида қимматбаҳо буюмлар ва пуллари бўлган».
Россия маъмурияти раҳбари Хива ҳокимиятининг суриштирув ишларини олиб боришда шубҳали тарзда жуда суст бўлганига эътибор қаратади.
Извошчи қотиллик содир этилган куннинг эртаси ўзига келади ва Шайх Назар Ясовулбошининг (Матмурод девонбегининг ўғли) хизматкорлари орасидан уч кишига туҳмат қилади. Улар ҳибсга олиниб, сўроқланади, аммо ҳеч бири айбловларни тан олмайди. Шундан сўнг қўйиб юборилади.
Аслида энг юқори лавозимга эга амалдорга қарши уюштирилган суиқасд «давлат аҳамиятига молик воқеа» сифатида баҳоланиши керак эди. Аммо Хива ҳукумати ва жабрланувчининг яқин қариндошлари сўроқ натижаларидан қониқиш ҳосил қилишади ва суриштирувни тўхтатишади.
Хиваликлар ишнинг шу тарзда якун топганидан таажжубга тушишган. Халқ орасида «хон ўз манфаатларини кўзлаб, фитнани уюштирди» деган миш-мишлар тарқалган.
Рус маъмурияти фикрига кўра, қотиллик сўнгги пайтларда Хива ҳукмдори ва унинг олий мартабали амалдори ўртасида юзага келган жиддий қарама-қаршиликлар оқибати бўлган.
«Исломхўжа хонга таъсир ўтказаётганини очиқчасига кўрсатган, ҳатто унинг қарорларини бекор қилишгача борган. Молиявий маблағларнинг тақсимланиши бўйича улар ўртасида зиддият келиб чиққан. Оқибатда ўзаро душманлик даражаси ҳаддан зиёд ортган», дейилади хабарномада.
Рус маъмурияти қотилликнинг ташкилотчиси сифатида отлиқ соқчилар бошлиғи Яхшимуродбойни, Исломхўжанинг ўзи эса Тошҳовузли навкар Қурбонбой томонидан пичоқланганини кўрсатган.
Хивалик тарихчи Абдулла Болтаев «Хоразм тарихига оид материаллар» асарида воқеа тафсилотларини бошқачароқ ёритади.
Унинг ёзишича, хон ва бош вазир ўртасидаги зиддият биринчи навбатда, хазина маблағларидан фойдаланиш масалаларида юзага келган. Хон пулларни ўз эҳтиёжи учун сарфлашни афзал кўрган, Исломхўжа эса «давлат ва халқ манфаатлари» учун фойдаланиш кераклигини таъкидлаган.
Асфандиёрхон вазирнинг «ўзбошимчалиги»га чидамай, уни йўқ қилиш ҳақида Абдулкарим Маҳрамга топшириқ берган. У эса ишни қўл остидаги одамлари – Яхшимуродбой ва Қурбонбой Бўзчига топширган.
Қотиллик содир бўлган куннинг эртаси марҳумнинг қариндошлари босими остида Хива ҳокимияти Қурбонбойни омма олдида сўроқ қилади. Сўроқдан олдин хон ундан суиқасднинг ҳақиқий ташаббускорларини айтмаслик ҳақида ваъда олган бўлиши мумкин. Чунки, қийноққа чидамаган Қурбонбой сўроқни тўхтатишни талаб қила бошлаган. Акс ҳолда «сирни ошкор қилиш ва режаларни барбод этиш» билан таҳдид қилган. Шунда сўроқ тўхтатилган, тергов эса унутилган.
Болтаевнинг ёзишича, «Халқ Исломхўжанинг ўлдирилиши хон буйруғи билан бўлганини тушуниб етган» эди.
Исломхўжа минораси (Хива, «Ичон-қалъа»)
Хулоса ўрнида
Россиянинг сиёсий доиралари билан яқин алоқада бўлган нуфузли бош вазир Саид Исломхўжанинг ўлдирилиши албатта рус маъмурияти эътиборидан четда қолмади. Аммо хон ва унга алоқадор доиралар юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни инобатга олмасдан ва Россия ҳукумати билан муносабатларнинг кескинлашиш эҳтимолини пасайтирмасдан туриб, Саид Исломхўжани ўлдириш ҳақида қарор қабул қилиши даргумон эди.
Шунингдек, Асфандиёрхоннинг рус элиталари орасида анча нуфузли ҳомийлари ҳам бор эди. Айнан уларнинг ёрдамида хон рус маъмуриятининг Хоразмга оид кўплаб ташаббусларидан барвақт хабардор бўлиб турарди.
Суиқасд ташаббускорлари бош вазирнинг жисмонан йўқ қилиниши император ҳокимияти томонидан санкцияларга сабаб бўлмайди, улар билан келишиб олиш мумкин ва улар муносабатларнинг мураккаблашиб кетмаслигини афзал кўришади, деб ишонишлари учун етарли асосга эга эдилар. Якунда айнан шундай бўлиб чиқди. Акс ҳолда, қотиллик тафсилотларини текшириш учун Санкт-Петербург ташаббуси билан тузилган комиссиянинг суст ҳаракатларини қандай изоҳлаш мумкин?
Бундан ташқари, бош вазир ўлдирилганидан сўнг, Асфандиёр Россия ҳукуматининг бир қанча ташаббусларига пешвоз чиқишга тайёрлигини билдирди. Бундай ишоралар Хива ҳокимиятининг Саид Исломхўжа йўқ қилинганидан кейин ҳам рус маъмурияти билан мулоқотни оғриқсиз давом эттиришга тайёрлигидан далолат берарди.
Қандай бўлмасин, бу қотиллик ортида Хива саройида ҳам, ундан ташқарида ҳам жуда таъсирли кучлар турганига шубҳа йўқ ва бу Асфандиёрхоннинг хабарисиз ва рухсатисиз содир бўлиши мумкин эмас эди.
Саройдаги кейинги воқеалар. Хоннинг қисмати
Матмурод девонбеги ўғиллари «афв»дан кейин ҳам сиёсий таъсир майдонидан узоқлаштирилди. Хон уларга ҳеч қандай «жиддий топшириқ» бермади. Бу эса улар эгаллаб турган лавозимларнинг «маъносиз» эканини англатар эди. Шу билан бирга, «девонбегилар»нинг саройга яқинлашиш, хон ишончини қозониш учун қилган барча уринишлари муваффақиятсизликка учради. Хива ҳокимияти томонидан «улар устидан жуда қаттиқ назорат ўрнатилди».
Асфандиёрхон 1918 йилда Хивада амалга оширилган давлат тўнтаришидан кейин ёвмуд туркманларидан бўлган Жунаидхон томонидан ўлдирилди. Тахтга унинг укаси Саид Абдуллахон ўтқазилди. Амалда эса давлатга Жунаидхон раҳбарлик қилди.
1920 йилда Хива хонлиги большевиклар томонидан тугатилди, Саид Абдуллахон ҳибсга олиниб, мол-мулки мусодара этилди ва сургун қилинди.
Нурмуҳаммад Саид
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?