16:30 / 29.08.2022
1 195

Бош прокуратура «жасади 2 кун машинада олиб юрилган аёл» ҳақидаги хабарни рад этди

Бош прокуратура «жасади 2 кун машинада олиб юрилган аёл» ҳақидаги хабарни рад этди
Фото: Видеодан кадр
Бош прокуратура эр аёлини ўлдириб, жасадини икки кун давомида машина юкхонасида олиб юргани ҳақида тарқалган хабарларни тасдиқламади. Лавҳа марҳумнинг жасади экспертизадан сўнг яшаш хонадонига олиб келган вақтда тасвирга олинган.

Интернетда тарқалган видеода марҳумнинг укаси эканини айтган видео муаллифи поччаси опасининг жасадини икки кундан буён машинасида олиб юрганини айтган. Видеода Тошкент шаҳрига тегишли давлат рақам белгиси тақилган Toyoto Prado машинаси юкхонасида мато билан ўралган одамнинг жасадига ўхшаш нарса кўринади. Воқеанинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмайди.

Бош прокуратура матбуот хизмати бу воқеа икки ярим ой аввал – 2022 йилнинг 10 июн куни содир бўлгани, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи 25 ёшли Д.К. (аёл) чап тухумдон кистаси ёритилиши натижасида ички қон кетишидан вафот этганини маълум қилган. Қайд этилишича, экспертиза текшируви жараёнида марҳумнинг баданида тан жароҳатлари аниқланмаган.

Ҳодиса юзасидан терговга қадар текшириш ўтказилиб, Яккасарой туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган. Туман прокуратурасининг ушбу қарори барвақт қабул қилингани сабаб жорий йилнинг август ойи бошида бекор қилиниб, айни пайтда қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айни жараёнда ўлимга сабаб бўлган ҳолатларга янада аниқлик киритиш учун судга оид комиссиявий экспертиза тайинланган. Таъкидланишича, экспертиза хулосасидан келиб чиқиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Бош прокуратура матбуот хизмати марҳуманинг жасади «икки кун мобайнида машинада сақлаб юрилгани» эҳтимолини жуда паст дея баҳолаган. Чунки жазирама иссиқда инсон жасади икки кунлаб машина салонида олиб юрилиши (ёки сақланиши) соғлом тасаввурга тўғри келмайди. Дастлабки хулосаларга кўра, ижтимоий тармоқларда акс этган лавҳа марҳумнинг жасади экспертизадан сўнг яшаш хонадонига олиб келган вақтда тасвирга олинган.

Бундан кўринадики, ижтимоий тармоқларда ҳолат жуда бўрттириб юборилмоқда. Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ушбу ҳолат бўйича қўшимча терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Теlegram-каналида айни пайтда ҳолатни аниқлаштириш юзасидан иш олиб борилаётгани, натижаси ҳақида хабар берилишини маълум қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бош прокуратура «жасади 2 кун машинада олиб юрилган аёл» ҳақидаги хабарни рад этди