date
views 2 089

«Президентимизнинг нутқига Россия ОАВлари мутлақо ноадекват муносабат билдирмоқда» — Содиқ Сафоев

«Президентимизнинг нутқига Россия ОАВлари мутлақо ноадекват муносабат билдирмоқда» — Содиқ Сафоев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 31 август куни Шаҳидлар ҳиёбонида сўзлаган нутқи рус ҳамжамияти вакилларида норозилик кайфиятини уйғотди. Сабаби Президент шафқатсиз отиб ташланган 13 минг нафар қатағон қурбонларини ёдга олгани россияликларга ёқмаган:

Бу ерга ҳар гал келиб, эътибор беришимиз бежиз эмас. Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган.

100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Таҳлил бўлган. Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган. 2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган. Бу ерда худди уларнинг овозлари эшитилгандек бўлади
", – деган эди Мирзиёев.

Шунингдек, Президент қатағон қурбонларига нисбатан сохта айбловлар қўйилганини таъкидлаган:
Бугун ҳам йўлда ўйланиб келяпман. 30-йилларни эски тарих деса, “пахта иши”чи?! Етакчиларимизни қатағон қилиш учун сохта айбловлар ўйлаб чиқаришди-ку. Бошқа республикаларда йўқмиди камчилик?

Бундай аламли воқеаларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бугунгидай байрамларда, тинч-осойишта кунларда шуларни ҳам юрагимиздан ўтказиб, ёшларимизга етказишимиз керак
”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини Россия Давлат думаси депутати Константин Затулин рус жамоатчилигига нотўғри талқин орқали етказди:
Президент Мирзиёев Совет Иттифоқига қарши айбловлардан илҳом олган биринчи постсовет давлат раҳбари эмас.

Бу уларнинг раҳбарлари ўз давлатларининг ўтмиши ҳақида гапирадиган бошқа кўплаб нарсалар каби ҳақиқатга яқин. Улар ўз мамлакатларида ҳозирги давр, ўтмишга қараганда яхшироқ бўлганини исботлашлари керак.

Совет Иттифоқида ўзбек миллатини ҳеч ким йўқ қилгани йўқ. Совет Иттифоқи бўлган вақтда украинлар атайлаб оч қолдирганлиги, Болтиқбўйи халқларини йўқ қилиб ташланганини ва бошқа айбловларни илгари сурадиган бутун бир пантеон мавжуд.

Совет Иттифоқи, барча камчиликларига қарамай, халқаро ҳамжамият эди ва Ўзбекистон ҳам Ўзбекистон номи билан дастлаб Совет Иттифоқи харитасида пайдо бўлди, кейин эса ўз тилини ва ўзини халқ сифатида сақлаб, мустақилликка эришди
”, — деди Затулин.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров Затулиннинг баёнотига кескин жавоб қайтарган биринчи ҳукумат вакили бўлди:

Президент Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча қилган маърузаси Россия Давлат думаси депутати Константин Затулинни асоссиз талқинига суяниб хато хулосаларга сабаб бўлибди. Давлат раҳбари тарихий фактларга асосланиб, яқин ўтмишнинг қора кунларини эслатиб ўтди. Ўша қора кунларда халқимизнинг энг илғор фикрловчи қатламларнинг яксон қилинганини эсламаслик, келажакда бу каби хатоларни такрорланишига олиб келиши мумкин. Президент нафақат ўзбек, балки ўша даврда совет давлатида яшаган барча миллатларнинг зиёлиларига нисбатан қилинган ваҳший ноҳақликлар ҳақида гапирди. Буни англаш ва тўғри талқин қилиш учун катта тарихчи бўлиш шарт эмас, менимча.Ҳамкасбларимга шундай ҳам мураккаб бўлган муҳитни яна мураккаблаштирадиган, минтақадаги тинчлик ва осойишталикка путур етказадиган талқинлардан тийилишни тавсия қиламан. Зеро бундан ҳеч ким ютмайди! Ўйнаб гапирсак ҳам, ўйлаб гапирадиган вақтда ишлаяпмиз”, — деб ёзган Қодиров.

Шунингдек, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам муносабат билдирди:

Президент Ш.Мирзиёевнинг қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган маросимдаги нутқига Россия ОАВларида берилган “munosabatlar”ини ўқиб чиқдим.

Мустабид тузум қатағон қурбонлари хотирасини ёд этган Ўзбекистон Президентининг мувозанатли, босиқ ва ўта самимий нутқига мутлақо ноадекват муносабат.

Ўзи баҳс нима ҳақида? Мустабид тузум шафқатсиз ва бераҳм бўлганлиги ҳақидами?

Ёки ҳалок бўлганлар ҳақиқатан ҳам ғайриинсоний қатағон қурбонлари бўлганлиги ҳақидами? Соғлом ақл ва яхши хотирага эга бўлган ҳар бир инсон у ёки буни шубҳа остига ололмайди.

Тузумга қарши, Ватан озодлиги учун ўз овозини баланд кўтаришга журъат этган минглаб юртдошларимиз учун полигон ва қабристон бўлиб қолган айни шу жойда ўтган маросимда мен ҳам қатнашдим. Тадбир чин қалбдан, тантанали, қандайдир самимий, инсоний тарзда ўтди.

Айнан шу жойда жаллодлар томонидан ўз ўлимини жасорат билан қабул қилганлар олдидаги қарзимизни инсоний равишда қайтардик.

Бу энди шов-шувли сиёсийлаштириш ва популистик ваҳима учун сабабми?
”, — дея изоҳ қолдирган Сафоев ўзининг Tvitterʼдаги саҳифасида.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Президентимизнинг нутқига Россия ОАВлари мутлақо ноадекват муносабат билдирмоқда» — Содиқ Сафоев