
Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсинки, юртимиз тинч, халқимиз осойишта ҳаёт кечирмоқда. Аммо дунёда бўлаётган турли воқеалар сергакликни асло йўқотмаслик лозимлигини талаб этмоқда. Хусусан, мусулмонлар учун атрофда бўлаётган ҳар қандай воқеа-ҳодисага нисбатан тўғри, муносиб фикрга эга бўлиш ниҳоят даражада муҳим ҳисобланади.
Тахминан етти ойдан буён давом этиб келаётган Россия-Украина уруши ҳам мусулмонларнинг, хусусан ўша мамлакатларда (умрбод ёки вақтинча) истиқомат қилаётган мусулмонларнинг диққат марказида. Мана шу уруш вазиятида мусулмон кишининг ҳолати, урушга бўлган муносабати қандай бўлиши керак? Бу каби урушларда икки томондан бирининг манфаати учун жангда қатнашиши жоизми? Ушбу саволга устоз Мубашшир Аҳмад қуйидагича жавоб берганлар.
“Мусулмон одам ё дини учун, ёки ватан шаъни учун жанг қилади. Жангга кираётган мусулмон шахснинг сафи – мақсади аниқ бўлиши керак. Айнан нима учун жанг қилаётганини билмоғи шарт. Агар мақсад дин, ватан, оила ҳимояси каби олий ишлардан эмас, нафсга боғлиқ мақсадлар бўлса, у ҳолда жангда қатнашиш жоиз бўлмайди. Бу ҳақида Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтириладики: “Набий алайҳиссаломдан шижоати туфайли жанг қиладиган киши, ҳамият туфайли урушадиган киши ёки риё сабаб жанг қилаётган киши – буларнинг қай бири Аллоҳнинг йўлида", деб сўрашди.
Шунда Росулуллоҳ “Ким Аллоҳнинг калимаси (дини) олий бўлиши учун жанг қилса, ана зша Аллоҳнинг йўлида жанг қилган кишидир”, дедилар. ”Яъни, Набий алайҳиссалом уч тоифа кишига алоҳида-алоҳида жавоб бериб ўтирмай, умумий тарзда ким Аллоҳ йўлида эканини тушунтириб қўйдилар. Россия-Украина урушида ҳам кимлардир шижоати туфайли, кимлардир ҳамияти туфайли яна бошқалар эса моддий манфаат учун жанг қилаётганини кўряпмиз. Шу сабабдан бу урушда қатнашишни оқламаймиз”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Набий алайҳиссалом айтадилар: “...Ким кўр байроқ остида жанг қилса, тарафкашлик туфайли ғазаб қилса, ёки тарафкашликка чақирса, ёҳуд тарафкашликка ёрдам берса ва шу йўлда вафот этса жоҳилият ўлимини топган бўлади...”, деганлар. (Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти)
Уламолар “қўр байроқ остида” жумласини “Улар Аллоҳ йўлида эмас, Яман ва Қайсдек ҳавои нафс аҳли каби риёсат ва тарафкашлик учунгина жанг қилган кишилардир”, дея изоҳ берганлар.
Юқоридагилардан маълум бўладики, Агар урушдан мақсад фақатгина тарафкашлик, ўз томонини (қабила ёки давлат) қўллаб-қувватлаш туфайли бўлса, Исломда бу ман қилинган. Шундай экан икки томон ҳам мусулмон бўлмаган тақдирда, икки томоннинг ҳам мақсади Аллоҳнинг динини олий қилиш бўлмаса, у жангда қатнашиш икки ҳисса ман қилинган бўлади.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар