
Хизмат сафари пайтида меҳмонхонада содир этган номақбул хатти-ҳаракатлари учун «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Бахтиёр Отамуродов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда 27 сентябрь куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Гап нимада? Сентябрь ойи бошида тармоқларда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари – «Ўзбекчорванасл» агентлиги бош директори Бахтиёр Отамуродов деб айтилган шахс Наманган вилоятидаги меҳмонхоналарнинг бирида маст ҳолда тўполон кўтаргани акс этган видео тарқалган эди.
Йиғилишда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Бахтиёр Отамуродовни хизмат сафари вақтида қилган номақбул хатти-ҳаракатлари учун танқид қилган.
«Бутун дунё билди, десак ҳам адашмаймиз. Менга сизнинг Наманган вилоятида хизмат сафари давомидаги ‘саргузашт’ларингизни Telegram орқали юборишди. Майли, ҳозир ҳамманинг олдида айтмайман. Нималар қилганингизни ҳамма кўрди. Бу мутлақо давлат органи, яна бу республика органи раҳбарининг хатти-ҳаракатига, даражасига ва лавозимига тўғри келмайдиган ҳолат. Давлат тизимини сиз шарманда қилиб, обрўсизлантирдингиз. Ҳамманинг олдида туриш муносибми сизга? Банкда узоқ ишлагансиз. Ҳурматли президентимиз қарорлари билан бугун сиз ҳам лавозимингиздан бўшатиласиз», – деган Администрацияси раҳбари.
Ишдан олинган Бахтиёр Отамуродовдан залдан чиқиб кетиши ва гувоҳномани топшириш буюрилган.
Маълумот учун, Бахтиёр Отамуродов 2020 йилнинг ноябрь ойида «Ўзбекчорванасл» агентлиги раҳбари этиб тайинланган, у бунга қадар «Халқ банки» бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар