
Президентнинг “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Белгиланишича, дори воситалари чакана савдосида жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида 2023 йил 1 мартдан бошлаб:
жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чеки фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали солиқ органлари махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситалари нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот тизимидаги дори воситалари чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилади;
матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш натижасида дори воситалари чакана нархларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилгани аниқланган тақдирда, тегишли чора кўриш учун бу ҳақда ваколатли орган – истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органига автоматик равишда хабар юборилади;
харид чеки бўйича нарх дори воситаси чакана референт нархидан ортиқ деб топилганда, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш бўйича белгиланган тартибда ундирилган жарима 20 фоизи мурожаатчи банк картасига мукофот сифатида ўтказиб берилади ва жарима қолган ундириладиган қисми белгиланган тартибда тақсимланади.
Бунда, харид чекида сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмлар тўлиқ миқдорда кўрсатилмаслиги савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш сифатида эътироф этилади.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида фаолият жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган намунавий дорихона ташкил этиш чораларини кўради.
Бунда, мазкур дорихона фаолияти “Зарур фармацевтика (дорихона) амалиёти (GPP)” давлат стандарти, санитария қоидалари ва меъёрлари, дори воситаларини тайёрлаш талаблари, замонавий тажриба андозасига мувофиқ уларда фармацевтика йўналишидаги таълим ташкилотлари талабалари, дорихоналар ходимларига дорихона ишини ўрганиш учун майдон сифатида ташкил этилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар