
Самарқандда ИИБ ходими пиёдалар йўлакчасидан болаларни ўтказаётган мактаб директорига қўпол муомалада бўлди. Мактаб директорининг айтишича, у болаларни йўлдан ўтказаётган пайтда ИИБ ходими бошқарувида бўлган Nexia-3 машинаси билан жуда катта тезликда ҳаракатланиб келган.
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 3-мактаб олдида содир бўлган видео тарқалди.
Видеода ўзини мактаб директори деб таништирган шахс кўчанинг нариги тарафидан мактабга келаётган болаларни пиёдалар йўлакчасидан ўтказиш учун йўлнинг ўртасига чиқиб икки томондан ҳаракатланиб келаётган машиналарни тўхтатгани тасвирланган.
Директор болаларни йўлдан ўтказиб бўлгач Nexia-3 машинаси йўл четида тўхтайди ва ундан икки нафар ИИБ ходими тушиб келади. Сўнг Nexia-3’ни бошқариб келаётган ходим директорга қўполлик қилади.
Видеода маълум қилинишича, ҳолат эрталаб соат 7:50 ларда болалар мактабга келаётган пайтда содир бўлган. Директор ИИБ ходими бошқарувида бўлган Nexia-3 сал аввалроқ ҳам мактаб олдидан жуда катта тезликда ҳаракатлангани, болаларни йўлдан ўтказаётган пайтда иккинчи марта катта тезликда ҳаракатланиб келганини айтган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати ИИБ ходими ва мактаб директори ўртасида юзага келган келишмовчилик ҳолати вилоят ИИБ томонидан ўрганилиб, натижаси жамоатчиликка маълум қилинишини билдирди. Шунингдек, ИИБ ходимлари томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилгани ҳолати ЙҲХБ томонидан кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил декабрда президентнинг «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинганди. Унга кўра, Ўзбекистонда боғчалар ва мактаблар олдидаги кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун рухсат этилган тезлик меъёри кескин камайтирилиши белгиланганди. Шундан сўнг боғчалар ва мактаблар олдидаги кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун рухсат этилган тезлик соатига 50 километрдан 30 километргача туширилганди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар