
Тошкент шаҳрида транспорт тезлиги 70 км. соатдан, 60 км. соатга, баъзи кўчаларда эса, 50 км. соатга тушириладиган бўлибди. Бу қарордан баъзилар норози бўлиши мумкин. Лекин, бутун дунёда, аҳоли пунктларида (шаҳарлар, қишлоқлар ваҳар қандай аҳоли яшайдиган пунктларда), транспорт ҳаракатланиш тезлиги – 50 км. соат. Бу – тўғри қарор.
Лекин! Ўзбекистон кўчларида, тезлик ва бошқа қоидаларни эслатувчи белгилар умуман етишмайди. Дунё давлатларида тезлик чекловларини эслатиб туриш учун жуда кўп белгилар қўйилади. Ҳар қадамда белгилар бор. Белгилар жуда кўринарли ерларга, бир хил баландликда қўйилади.
Тошкент ва бошқа катта шаҳарлардаги тезликнинг туширилиши яхши. Лекин, шаҳарлараро трассаларда аҳоли пунктлари кўп. Бу – катта муаммо. Катта трассалардаги қатнов тезлиги, давлатнинг иқтисодий динамикасига, туризм потенциалига, ижтимоий кайфиятга ҳам таъсир қилади. Энг ривожланган давлатларда, катта трассалардаги тезлик катта, ва хавфсизлик – юқори даражада таъминланган. Мисол учун, Германияда – тезлик чеклови йўқ, Францияда – 130 км тавсия қилинади, АҚШда ҳам 120-130 км.
Ўзбекистонда эса, мисол учун, Тошкентдан Нукус ёки Хивага бориш учун, юзлаб аҳоли пунктларидан 70 км. соатда ўтишингиз керак. Шунинг учун, одамлар қоидаларга бўйсунишни эмас, уларни алдаб ўтишни ўйлашади. Ҳамма антирадар ўрнатиб олган. Радар йўқлигини билишса, аҳоли пунктида ҳам 90-100 да юраркан. Радарларнинг ҳам вазифаси – қоидага бўйсундириш эмас, кўпроқ маблағ йиғишдек кўринади.
Чунки, рационал давлатларда, агар бирон нуқтада одамлар кўп қоида бузаётгани аниқланса, шу ерда янги чора-тадбирлар қўлланилади, ва қоидабузарликнинг олди олинади. Лекин, Ўзбекистонда эса, қоида бузилиб турадиган «нуқталарда» йиллар давомида ҳеч нарса ўзгармайди, фақат бу нуқтада турувчи ЙПХ ходимлари алмашиб навбатда туришади, холос.
Камолиддин Раббимов
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар