00:24 / 19.10.2022
2 663

Тошкентдаги ресторан маъмури қашқадарёликларни ҳақорат қилгани учун жаримага тортилди

Тошкентдаги ресторан маъмури қашқадарёликларни ҳақорат қилгани учун жаримага тортилди
Тошкент шаҳар ИИББ Telegram-канали ва UzReport TV'да эълон қилинган видеодан лавҳа. Фото: Тошкент шаҳар ИИББ
Magic City'dagi “Chaman” номли арман ресторани иш юритувчиси қашқадарёликларни “ресторанда ўтиришга хос одамлар эмас” дейиши ортидан жаримага тортилди. Ресторан бошқарувчиси қашқадарёликлардан узр сўраб, видеомурожаат йўллади, лекин бу мурожаат видеоси рестораннинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида узоқ сақланиб қолгани йўқ.

Magic City'да жойлашган “Chaman armenian food” ресторани иш юритувчиси ва мижоз ўртасидаги ёзишма муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда рестораннинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини юритувчи шахс маҳаллийчиликка йўл қўйгани акс этган.

Биз минимал буюртмаларни қабул қила олмаймиз. Чунки ижарага берувчиларнинг шартлари асосида ишлаймиз ва кафе форматида ишламаймиз. Бу ресторан ва бу ерда ҳамма нарса қиммат. Агар биз бу тизимни бекор қиладиган бўлсак, сиз қашқадарёликлар билан қўшни столда ўтиришингизга тўғри келади. Афсуски, бу биз учун фойда келтирмайди”, деб таъкидлайди ресторан иш юритувчиси мижоз билан ёзишмасида.

Мижознинг: “Қашқадарёликларга нима қилибди?” деган саволига жавобан у: “Бу одамлар ресторан учун эмас” деб ёзган.

“Chaman armenian food” ресторани иш юритувчисининг мижоз билан ёзишмасидан скриншот.
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бу ёзишма интернетда тарқалгач, қизғин муҳокамага ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига учради. Тармоқда ресторанни бойкот қилиш, маҳаллийчиликка йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортишга чақириқлар пайдо бўлди. Шундан кейин жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар аралашди.

Чилонзор тумани ИИО ФМБ ўтказган текширувда ресторан ходими маҳаллийчиликка йўл қўйгани тасдиқланган. Ресторан бошқарувчиси Багран Худаян ички ишлар органига чақирилиб, ундан рўй берган ҳолат бўйича изоҳ олинган. Масъул шахс ўз тушунтиришида хатога йўл қўйилганини тан олган.

Тошкент шаҳар ИИББ Telegram-канали ва UzReport TV'да эълон қилинган видеодан лавҳа. Фото: Тошкент шаҳар ИИББ
Эгилган бошни қилич кесмайди. Чунки биз хато қилганмиз. Нотўғри гап биздан чиқди. 30 йилдан бери шу ерда яшайман. Шу ернинг сувини ичиб, нонини еб келаман, буларнинг барчаси учун раҳмат дейман. Мана шу ресторанда бир йилдан бери ишлаяпмиз. Ҳар хил вилоятлардан мижозларимиз бор, келганларнинг ҳаммаси биздан хурсанд бўлиб кетган. Бунақа гапни бу кунгача ҳеч ким эшитмаганди. Ўзбек халқидан минг бор узр сўрайман. Бу мен учун сабоқ бўлди”, дейди Баград Худаян ички ишлар органида берган тушунтиришида.

Ҳолат юзасидан МЖтКнинг 41-моддасига (Ҳақорат қилиш) биноан ресторан иш юритувчисига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Расмий хабарда ҳуқуқбузарнинг исм-фамилияси очиқланмаган; у қанча жаримага тортилганига аниқлик киритилмаган. Юқоридаги модданинг санкцияси 20-40 БҲМ (6 млн сўмдан 12 млн сўмгача) жаримани ташкил этади.

ИИББ ўз баёнотида қонун олдида барча баробар экани, қонунга зид ҳеч бир ҳолат эътибордан четда қолмаслиги ва ҳар бир фуқаронинг қадри, шаъни қонун билан ҳимоя қилинишини эслатиб ўтган.

Фото: Kun.uz
Рўй берган воқеа ортидан “Chaman armenian food”нинг Google платформаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида салбий характердаги муносабатлар кўпайган. Google харитасида бу ресторанга берилган тавсифлар рейтинги бешта юлдузчадан битта юлдузчагача тушиб кетган.


Рўй берган ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланиши ортидан Баград Худаян “Chaman Armenian food”нинг Facebook ва Instagram'даги саҳифаларида видеомурожаат эълон қилди ва мижоз билан нотўғри муомалада бўлган ходим жазоланганини билдирди.

Эътиборлиси, ҳозирга келиб ҳар икки платформадан Худаяннинг қашқадарёликлардан узр сўрагани акс этган видеолар ўчириб юборилган. Юқоридаги ҳаволаларни босиб кўрсангиз, “бу саҳифа топилмади” деган ёзувни кўришингиз мумкин холос. Бироқ видео айрим интернет фойдаланувчиларининг саҳифаларида сақланиб қолган.

Chaman armenian food’нинг Facebook ва Instagram’даги саҳифаларида эълон қилинган ва ҳозирга келиб ўчириб юборилган видеомурожаатдан скриншот.
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Содир бўлган ҳолат учун ресторанимиз меҳмонларидан, биринчи навбатда, қашқадарёлик меҳмонларимиздан кечирим сўрашни истардим. Инсон Сурхондарёдан бўладими ёки мамлакатимизнинг бошқа бир қисмидан бўладими, бунинг фарқи йўқ. Рўй берган тушунмовчилик учун жавобгарликни зиммамизга оламиз ва ресторан муассиси ва раҳбари сифатида бундай муносабатга йўл қўйган ходимларни жавобгарликка тортдим.

Ҳурматли қашқадарёликлар! Минг марта узр хатомиз учун. Бизнинг эшикларимиз сизлар учун ҳар доим очиқ. Провокацияга алданиб қолманглар! Биз қашқадарёликларни ниҳоятда қадрлаймиз. Биз ишлатадиган қўй гўшти айнан ушбу вилоятдан келтирилади ва бу билан бошқа давлатдан келадиган сайёҳлар олдида ҳамиша фахрдамиз. Шундай экан, қашқадарёликлар ҳақида ёмон хаёлга боришимиз ҳам нотўғри. Рўй берган ҳодиса учун яна бир марта узр сўрайман
”, деган Худаян кейинчалик ўчириб юборилган видеомурожаатида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентдаги ресторан маъмури қашқадарёликларни ҳақорат қилгани учун жаримага тортилди