13:39 / 05.11.2022
2 127

Ўзбекистонда энди иш ҳақи кечиктирилган ҳар бир кун учун компенсация тўланади

Ўзбекистонда энди иш ҳақи кечиктирилган ҳар бир кун учун компенсация тўланади
Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида иш ҳақини кечиктирган иш берувчи жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагисига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 581 моддани ўз ичига олган (амалдагиси 294 моддадан иборат). Ҳужжатда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди.

Янги қўшилган 253-моддада иш ҳақини тўлаш муддатлари белгиланди. Унга кўра, ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.

Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, 16 кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.

Иш ҳақи тўланадиган кун дам олиш кунига ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолганда иш ҳақи ушбу кунлар арафасида тўланади. Ходимга тегишли бўлган иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва миқдори бошқа тўловларни амалга оширишга ҳамда уларнинг навбатига боғлиқ қилиб қўйилмаслиги керак.

Иш берувчи иш ҳақи тўлаш кечиктирилгани учун ходим олдида ушбу кодексга киритилган 333-моддага кўра моддий жавобгар бўлади.

Яъни, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.

Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади. Унинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин.

Иш берувчи ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар уни тўлашга мажбур бўлади.

Маълумот учун, янги таҳрирдаги ушбу кодекс 2023 йилнинг 30 апрелидан бошлаб кучга киради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда энди иш ҳақи кечиктирилган ҳар бир кун учун компенсация тўланади