
Ховос туманидаги 13-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ажойиб эксперимент ўтказилибди. Ўқувчилар оталарига қўнғироқ қилиб яхши кўришини айтган.
Оталарига яхши кўришини айтаётган болаларнинг кўзларидаги самимият, ёш ва меҳр... Айниқса оталаридан “Мен ҳам сени яхши кўраман, болам”, деган сўзни эшитганидаги қувонч ёшлари жуда ҳаяжонли чиққан.
Ҳаммамиз эрталаб фарзандларимизни кузатар эканмиз, дуо қилиб, қанча дарси борлигини, уйга қачон қайтишини, яхши ўқиши кераклигини айтамиз. Ортидан болам, сени яхши кўраман, десак у ўша куни энг намунали ўқувчи бўлади. Биз уни кийинтириб, едириб-ичириб, тўкин қилиб қўйдик, меҳримиз шу, деб ўйлаймиз. Аслида меҳр сўзга кўчса, янаям жозибали бўлади. Айниқса, қиз бола ҳаётида отанинг ўрни бошқача. Ҳамма яхши гапни отасидан эшитиши керак. Бўлмаса кимдир бу гапни айтса, у жозибали кўрина бошлайди.
Ота жуда катта масъулият ва мартаба. Фарзандлар шу сўзнинг ўзига ҳам суяниш, тафтида исиниш мумкинлигини билади. Уларнинг ҳам меҳри бўғзида туради. Катталарнинг меҳри сўзга кўчса, уларники кўзга кўчади. Бола-да йиғлаб айтади. Меҳри балқиб кетар шу маҳал.
Глобаллашув ҳаммани банд ва ҳамиша банд механизмга айлантириб боряпти. Қўлимиздаги матоҳ биз учун хизмат қилмай, биз унинг асирига айланиб боряпмиз. Боламиз қўнғироқ қилиб, сизни яхши кўраман, деса, тинчликмикан, дея ўйлай бошлаяпмиз. Чет эл киноларидан намуна олаётган ота болага бола отага иддао қилиши, бақириши, беҳурмат қилиши сингари ҳолатлар учраб турибди. Бунинг ўрнига низоли вазиятларда ҳам меҳр изҳор қилинса, ҳаммаси жойига тушади-ку. Оила бўлиб китоб ўқиш, ким ўзарга яхшилик қилиш, суралар ва ҳадисларни кўп ёдлаган бола энг кўп рағбат оладиш каби анъаналари бор халқмиз.
Кечаси ухлаб ётган фарзандингиз одига ўтириб, юзига термулганмисиз. Унда болалигингизни, беғубор дамларингизни кўрасиз. Унга тикилавериб тўймайсиз. Шугинани берган Аллоҳга ҳамд айтасиз. Меҳрингиз балқиб, сочларини силагингиз, юзларидан ўпгингиз келади. Ширин уйқусини қизғониб, меҳрингизни эрталабга олиб қўясиз.
Бугун боламизга меҳрни қарзга беряпмиз. У келажакда ўзимизга биздан олганича қайтаради. Шунинг учун бугун, ҳозир унга яхши кўришимизни айтайлик.
PS. Шуларни ёзаётиб, қизим Ҳулкаройга “Сени дунёлар қадар яхши кўраман”, дедим. У “Мен сизни осмон-осмон яхши кўраман”, деб қўлимни ўпиб кўзига сурди. Отамга қўнғироқ қилиб “Ота, сизни яхши кўраман”, дедим. Отам узоқ дуо қилди...
Манзура Шамс
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар