
Мадина Ислом университети магистранти, устоз Маҳмуд Усмон бугунги кунда ота-оналар ўз бурчини бажармаётгани ҳақида қайғуриб шундай ёздилар:
«Қачон боласи йиғласа, асримиз ота-оналари қўлига телефон бериб, YouTube'ни очиб беради. Баъзилар исломий тарбия беряпман, деб исломий мултфилм ёки нашидлар қўйиб беради. Исломий тарбия осон эканда! Бола ҳатто кипригиниям пирпиратмай, қорни очганиниям унутиб видеолардан кўзини узолмай, YouTube дунёсига шўнғиб кетади. Ундаги жозибадорлик, ранг-баранглилик болани «зомби»га айлантиради».
Соҳа эгаларининг айтишича, ижтимоий тармоқдан кўп фойдаланган одамларда ҳаётдан розилик, хурсандликни таъминловчи гормонлар ҳар сония катта миқдорда чиқаверади. Оқибатда уларда бу гармонлар табиий равишда чиқиши бузилиб, депрессия, тушкунлик, бахтсизликни жуда кўп ҳис қиладиган бўлиб қолади. Айниқса, болаларда бу янаям кучлироқ тарзда бўлади.
“Унутманг, фарзанд ўстиришда осон йўл асло тўғри йўл бўлмайди. Болага «ютуб»ни очиб бериб, бу билан чалғитишингиз, турли компьютер ўйинлар олиб беришингиз, уларни Coca-cola каби ичимликлар, ширинликлар билан алдашингиз – бу каби ишларнинг бари сигарет ёки наша олиб бериш каби ишлар тоифасидан. Ҳеч бири соғлом руҳиятга эга болани пайдо қилмайди. Аксинча, ундаги Аллоҳ яратган соғлом фитратни булғайди, йўқ қилади. Ўйлаб кўринг”, – деб ёзади устоз Маҳмуд Усмон.
Дарҳақиқат, ҳозирда йиғлаётган болани овутишнинг энг осон ва «самарали» усули бу қўлига телефонни тутқазиб қўйиш, YouTube’да мултфильм қўйиб бериш бўлиб қолган. Меъёрда фойдаланиш зарар қилмас, аммо кун бўйи телефондан бошини кўтармайдиган болалар бор ва келажакда уларнинг тарбиясида муаммо бўлмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Шундай экан, тафаккур қилайлик, азизлар. Фарзандингизга вақт ажрата олмаганингиз учун уларга телефон бериб қутулганингизнинг бадали оғир бўлмасидан бу вазиятни ижобий томонга ўзгартириш вақти келди. Зеро, фарзанд Аллоҳнинг неъмати, уни муносиб тарбиялашни барча ота-оналар муқаддас бурч сифатида кўриши лозим.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар