11:14 / 12.11.2022
1 104

Ота тупроғимизнинг эшиклари бизларга доимо очиқ

Ота тупроғимизнинг эшиклари бизларга доимо очиқ
Aсл насаби бир ва муштарак қадим маданиятга эга бўлган Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги ва ўзгача босқичга кўтарилди. Бу кўрсаткич бизни жуда ҳам қувонтиради, чунки ҳар иккала мамлакатнинг бир-биридан фойдаланишига асос бўладиган омиллари мавжуд.

Aввало, бир дарахтнинг турли шохлари бўлган бу мамлакатлар вақт ўтиши билан турли тажрибаларга эга бўлди. Бугунги кунда эса икка давлат ўз тажрибаларини бошқаларга ўзлари хоҳлаганча ўтказиш салоҳиятига эга. Бир-бирига яқинлик ришталарини онгида ва қалбида ҳеч қачон йўқотмаган бу икки халқ ХХI аср шароитида ҳар соҳада ҳамкорлик қилишга ҳар қачонгидан ҳам тайёр ҳолатда турибди.

Хориждаги Турклар ва Қардош Жамиятлар Бошқармаси (YTB) икки мамлакат ўртасида ташкил этилган дастлабки дўстлик кунларидан буён минтақамиз ва бутун дунё учун аҳамиятга эга бўлган истиқболли яқинлашувга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бошқармамиз ўзига юкланган вазифа ва масъулият доирасида ҳар икки давлатнинг муштарак меросини кун тартибига олиб чиқиш, ўзбек ёшлари таълимини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бошқармамиз, турли соҳаларда ёшлар билан халқаро миқёсда фаолиятлар ташкил қилиш билан бир қаторда, “Туркия стипендиялари” дастури билан икки давлатнинг келажагини таълим орқали боғламоқда.

Туркиянинг глобал олий таълим бренди бўлган “Туркия стипендиялари” дастурига мурожаат қилган ўзбекистонлик талабаларнинг сони ҳар йили ортиб бормоқда ва улар Туркия университетларида стипендия билан ўқиш имкониятини қўлга киритмоқда. Бироқ, икки давлатнинг дўстлиги ва салоҳиятини инобатга олган ҳолда мазкур дастурдан фойдаланаётган ўзбекистонлик талабалар сони кўпроқ бўлиши керак, деб ўйлаймиз. Маданият, туризм, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқа ҳар бир соҳада мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар ушбу соҳаларда таҳсил олаётган талабаларнинг ортиши билан амалда кўрилади.

Ҳар иккала дўст мамлакатнинг университетларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ва туркиялик халқаро талабалар, ўз давлатларининг янада ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда. Таълим мобиллиги орқали имтиёзларни ошириш ва институционализация қилиш мақсадида дунёнинг 33 нуқтасида мавжуд бўлган “Туркия университетларининг битирувчилари уюшмаси”нинг бир шўъбасини Ўзбекистонда ҳам очиш фойдали бўлади, деб ўйлайман.

Хориждаги Турклар ва Қардош Жамиятлар Бошқармасининг Ўзбекистонга нисбатан ёндашуви Туркия ташқи сиёсатининг барча бирдамлик ва инсонпарварлик жиҳатларини қамраб олади. Биз Осиё ва Европа қитъаларидаги барча қардош халқларга бўлган самимий туйғуларимизни Ўзбекистонга нисбатан ҳам ҳис қиламиз. Биз билан тарихи ва маданияти муштарак, халқини чексиз меҳр-муҳаббат ила ардоқлайдиган Ўзбекистон мамлакати билан ўзаро ишонч ва манфаатларга асосланган алоқаларимиз келажакда ҳам давом этишига чин дилдан умид қиламиз ва бунга ҳозирдан тайёргарлик кўряпмиз.

Ўтган ойларда Ўзбекистонга ташриф буюрган Президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдоған бошчилигидаги Туркия делегациясига Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёев “Ота тупроғингиз эшиклари жаноб Президентга ва барча турк биродарларимиз учун доимо очиқ”, деб айтган эдилар. Бизларга далда берувчи ушбу сўзларини яна бир бор эслатган ҳолда, барча Ўзбекистон халқига ўз ҳурмат ва саломимни йўллайман.

Aбдуллаҳ ЭРЕН,
Хориждаги Турклар ва Қардош
Жамиятлар Бошқармасининг раҳбари

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият