14:45 / 12.11.2022
1 553

Озодбек Назарбековнинг аёл журналистга айтган гапи муҳокамаларга сабаб бўлди

Озодбек Назарбековнинг аёл журналистга айтган гапи муҳокамаларга сабаб бўлди
Ижтимоий тармоқларда маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озобдек Назарбековнинг журналист аёлга «уйга келсангиз, қулоғингизга айтаман», деган гапи муҳокамаларга сабаб бўлди.

Журналист вазирдан санъаткор сифатида Украинадаги вазиятга позицияси ҳақида сўраган, у эса «давлатим, сиёсатим қайси позицияда бўлса, мен ҳам вазир сифатида айнан ўша позицияни қўллаб-қувватлайман. Менинг шахсий фикримни сўрайдиган бўлсангиз, уйга келсангиз, қулоғингизга айтиб бераман», – дея жавоб қайтарган.

Блогер Зафарбек Солижонов Telegramдаги каналида Озодбек Назарбековнинг жавобига нисбатан фикр билдирди.

- Маданият вазирининг аҳволига қаранг. Яхши ҳам журналист этика билан «мумкин бўлса», деб сўради. Ҳофизлигида ўйинчи қизларига шунақа сўзлар ишлатиб юрган бўлса керак. Балки, ўша даврни қўмсаб, жойига қайтишни хоҳлаётгандир. Унинг яқин қариндошларидан бирига қайсидир эркак мансабдор шунақа «уйга ўтинг, айтаман, қулоғингизга» деб гапирса, ушбу муносабатни оддий қабул қилса, марҳамат, давом этаверсин. Лекин ишонинг, шу жавобдан бошқа минглаб усулда чиройли жавоб қайтариш мумкин эди.

Яна бир гап. Муомалангиз ёқмагани учун буни ҳам гапириб олайлик. Назарбеков, сизга ҳам кейинчалик «Каримов даврида фалон лавозимдаги шахс олдин унинг сартароши эди, ошпази эди», деган гаплардек, сизни шу лавозимга қўйган «фалончининг маросимларида ашула айтиб юрарди, унга ёқарди, шунга вазир бўлган», деган «ёрлиқ» ёпиштирилади. Мутахассисликдан бошлаб йиллар давомида тер тўкиб, вазирлик даражасига эришган меҳнаткаш вазир сифатида эмас. Аччиқ гаплар-а? Лекин наилож, ҳақиқат.


«Америка овози» журналисти Навбаҳор Имомова Facebookдаги саҳифасида Назарбековнинг ташқи сиёсатдаги роли ҳақида фикр билдирган.

- Маданият вазири ва яна Озод Назарбековдек шахс, хизмат қилаётган президентининг Украина ва Россияга нисбатан сиёсатидан бошқа позицияни маъқул деб айтармиди? Тизимдаги одам, бунинг устига вазир, амалдаги сиёсатга қарши гапирса, калласи кетиши мумкин ва бу фақат Ўзбекистонда эмас. Аслида саволга бошида жавоб берибди, кейин валдирабди.

Парламент аъзоси бўлса, фикри муҳим, чунки қонунчилар, халқ вакиллари, маъмуриятнинг стратегиясини саволга тутиши керак. Вазирлар, ижроия органидагилар, шахсий фикрини айтмаслиги керак. Чунки уларнинг вазифаси белгиланган сиёсатни амалга ошириш. Улар шахсий фикри ва таҳлилини ёпиқ йиғилишларда ёки президент сўраса, айтади. Ташқи сиёсатда бу вазирнинг роли минимал, балки нол.


Шоир ва публицист Алишер Назарнинг Facebookдаги саҳифасида ёзишича, бошқа вазирлар ҳам жиддий масалаларда шахсий фикр айта олмайди.

- Маданият вазирининг Россия-Украина можаросига муносабатини эшитдингизми? «Шахсий муносабатимни уйимга борсангиз айтаман», дебди. Шахсий фикрим уйда қолиб кетибди, демаптиям. Аслида вазир бор гапни айтган. Бунақа жиддий масалаларда шахсий фикр айтиш учун одам шахс бўлиш керак. Сизнингча, шу саволга бошқа вазирлар бундан ортиқ жавоб берармиди? Қолгани ҳам бундан ортиқ жавоб бермасди. Чунки биз қабила-қабила бўлиб фикрлаймиз. Шахсий фикримиз уйда туради... Уни минбарга чиқариб бировга кўрсаткилари йўқ! Бир-иккитаси кўрсатиб нима бўлди? Элга кулги бўлди! (Кўп гўшт еб қўйганимизни эсланг... ёки ташқаридаги мардикорлардан солиқ ундирмоқчи бўлганимизни эсланг...) Шунинг учун бизлардан ҳадеб шахсий фикр сўравермаларинг! Давлат ака нима деса, шу.

Шунингдек, режиссёр Жамолиддин Бобожонов Twitterда вазирнинг жавобига нисбатан қисқа мулоҳазасини ёзган.

«Даҳшат. Уруш ёмон. Ҳар қандай урушга қаршиман деб қўй. Шунга ҳам савия етишмайди. Бир бегона аёлни уйига таклиф қилмоқда», – деб ёзади у.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият