2 098
Камолиддин Раббимов: «Украина ва Россия ўртасидаги уруш — Марказий Осиё минтақаси учун тарихий бонус»

Тошкент шаҳрида 15 ноябрь куни ўтказилган Марказий Осиё экспертлари форумида нутқ сўзлаган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов минтақа давлатларини бирлашишга ундаб, глобаллашув жараёнидаги таҳдидларга фақат интеграция орқали қарши туриш мумкин эканини айтди, деб хабар бермоқда «Дарё».
Камолиддин Раббимов нутқида ўтган аср аввалида Марказий Осиё давлатларида бирлик кучли бўлганини, аммо Собиқ Иттифоқ давридаги «бўлиб ташлаб, ҳукмронлик қил» тизими давлатларни дегредацияга учратганини билдирди.
- Тахминан, бир аср олдин Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги кучли эди. Ҳудуддаги аҳоли ўзларини туркистонликлар деб атарди. Тил, турмуш тарзи, маҳаллий қадриятлар ва ўзига хосликларда хилма-хиллик мавжуд бўлса-да, ҳеч ким этник миллатчиликка берилмаган.
Аммо Собиқ Иттифоқ даврида минтақада бўлиниш юз берди. Ҳар бир халққа алоҳида ҳукумат, суверенитет берилиши сабаб ҳудуд изоляцияга учради, — дейди сиёсатшунос.
Унинг қайд этишича, шундан сўнг минтақада инқироз ҳолати юзага келган ва бунинг ортидан ҳар бир давлат турли синовларни бошдан кечирган.
- Марказий Осиё минтақаси давлатлари тарих ва келажак умумийлигини англаши керак. Шундан кейингина интеграция ҳақиқий ҳамда барқарор бўлади. Фақат умумий тақдирни англаш орқали глобаллашув босимига қарши тура оламиз, — дея сўзларини давом эттиради Камолиддин Раббимов.
Сиёсатшуноснинг фикрича, минтақа атрофидаги қудратли давлатларнинг босими остида Марказий Осиё мамлакатлари бирлашишга, муаммоларга биргаликда ечим топишга маҳкум.
- Ҳозир Марказий Осиё минтақаси учун янги давр кириб келмоқда. Айни дамда жаҳондаги энг йирик уруш постсовет ҳудудида (Украина ва Россия ўртасида — таҳр.) бўлиб ўтмоқда. Аввалига бу уруш кўпчиликни қўрқитди. Аммо ҳозирга келиб бу воқеа Марказий Осиё минтақасининг геосиёсий жиҳатдан мустақил бўлишида тарихий бонусга айланаётганини кўриш мумкин, — дея фикрларини изоҳлади у.
Камолиддин Раббимов, бундан ташқари, минтақадаги давлатлар ҳукуматни кланлар ва қариндош-уруғчилик билан бошқариш тизимидан воз кечиши кераклигини таъкидлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар