
Ўзбекистондаги хусусий телеканалларда ютуқ учун катта пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совринлар қўйилган ўйинлар намойиши авж олмоқда. Иштирокчиларга осонгина мебел, маиший техника, тилла ва автомашиналарни ютиб олиш ваъда қилинмоқда. Бироқ ғолиблар ҳамон ўз мукофотларига эга чиқишмаяпти.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига турли ҳудудлардан телеканаллардан бирида намойиш этилган телеўйинда қўлга киритган ютуқларини олиш имкони бўлмаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушган. Бугунги кунга келиб «Омадингизни берсин» телеўйини иштирокчиларининг умумий ютуқлари 2 млрд сўмни ташкил этади.
Ушбу муаммо ижтимоий тармоқларда ҳам кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўйин «MIA-МАА» МЧЖ ҳомийлигидаги «МАА» савдо белгисидаги маҳсулотлар харидорлари ўртасида ўтказилмоқда. Ўйин давомида телефон рақамлар базасидан «Random» дастури ёрдамида кейинги сон иштирокчиларининг телефон рақамлари аниқланади.
Телеўйин соврин жамғармаси турли ютуқлардан ташкил топган: мобил телефон, планшет, ноутбук, юмшоқ мебеллар, турли маиший техника, тилла (турли граммда) ва бош соврин — автомобил.
Ҳар ҳафтада намойиш этилиб, тезда машҳурликка эришган «Омадингизни берсин» телекўрсатуви қоидасига кўра, иштирокчилар 2 та бўлакдаги соврин макетини топгандан сўнггина шу ютуққа эга бўлади. Мисол учун, «Омадингизни берсин» кўрсатувининг 13-сонида Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Х.Хга омад кулиб боққан ва у қуйидаги совринларни ютиб олган: кир ювиш машинаси, музлатгич, газ плитаси, микротўлқинли печь, чангюткич, планшет, смартфон ва яна 50 миллион сўм.
Албатта, бу жуда катта миқдордаги соврин. Ғолибни телеэфирда кўрсатишади, ғолиб деб эълон қилишади, аммо кўрсатув суратга олингандан сўнг, телеўйин низомига кўра, телеўйин эфирга узатилгандан сўнг 90 банк иш куни ичида ҳомийдан совринлар берилиши мумкинлигини хабар қилишади.
Мукофотини кутаётганлар
Иштирокчи бир ой кутади, икки ой кутади, 90 кун ўтади, лекин ваъда қилинган совриндан дарак бўлмайди. Телеўйин эса телеканал орқали давом этади ва бошқалар ҳам у каби бир неча қимматбаҳо совринларни ютиб олишяпти.
Бундай ҳолатга телекўрсатувнинг 4-сонида иштирок этиб, 20 миллион сўм ютиб олган Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи М.У. ҳам дуч келди.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида яшовчи О.Ж. жорий йилнинг 10 август куни бўлиб ўтган «Омадингизни берсин» кўрсатувининг 10-сонида 10 миллион сўм, кир ювиш машинаси, ноутбук ва «Nexia-3» автомашинасини ютиб олди. Лекин шу кунгача кутган совринлари ва машинаси берилмади.
Жорий йил 28 май куни Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи А.М. ютган «Damas» автомашинаси ҳам етказиб берилмаган.
Наманган вилоятида яшовчи М.М. газ плитаси, чангютгич, 2 дона смартфон, велосипед, планшет, ноутбук ва 20 миллион сўм ютиб олган. Шу кунгача у ҳам совғага эга бўлмади.
Ноутбук, смартфон, музлатгич, чангютгич ва «Damas» автомашинасини қўлга киритганлардан яна бири Хоразм вилоятида яшовчи А.Р. ҳам ҳануз ўз ютуқларини кутмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги сўрови ва ўйин ҳомийси тақдим этган маълумотга кўра, намойиш этилган кўрсатувнинг жами 15 та сони ғолибларидан фақат 1-, 2-, 3- ва 12-сонларида бир нафардан иштирокчи ўз ютуқларини қўлга киритган, холос. Қолган 55 иштирокчи бугунги кунгача совринларини кутишмоқда.
Иштирокчилар телеўйинда иштирок этиш ва соврин ютиш умидида республиканинг турли вилоятларидан пойтахтга келишган.
Қонунда қандай жазо назарда тутилган?
«Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, қимматбаҳо совринлар тарқатиладиган ва (ёки) ўйналадиган рағбатлантирувчи акцияларни ёхуд ушбу акцияларда иштирок этиш учун рекламадан фойдаланувчи томонидан бирор ҳаракатлар амалга оширилишини назарда тутадиган рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш чоғида реклама берувчи рағбатлантирувчи акцияни ўтказиш бошлангунига қадар оммавий ахборот воситаларида ва (ёки) эркин фойдаланиладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурсларида акцияда иштирок этиш шартларини эълон қилиши шарт.
Рағбатлантирувчи акциялар ўтказилиши тўғрисидаги ахборотда ютуқни олиш эҳтимолини ошириб кўрсатувчи иборалар бўлмаслиги керак.
Тегишли мукофот фонди мавжуд бўлмаган ҳолда рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланади.
Юқоридаги ҳолатда эса, иштирокчилар телеўйин низомидан хабардор бўлмаган ва уларга маълумотлар давлат тилида тақдим этилмаган. Бу билан Қонуннинг 21-моддасига хилоф иш тутилган.
Ўз навбатида, агентликнинг махсус комиссияси томонидан «MIA-МАА» МЧЖга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6- ва 21-моддалари талаблари бузилгани ҳолати бўйича иш қўзғатилган ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилган.
Шу билан бирга, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган, дейилади Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабарида.
Вазиятдан хабардор инсонларнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишларича, ушбу телеўйинларда ютуқларни қўлга киритган иштирокчилар ютуқлардан умидини узса ҳам бўлаверади. 2 млрд сўмлик ютуқлардан уларга ҳеч нарса тўлаб берилмайди. «MIA-МАА» МЧЖ эса бир неча БҲМ жарима билан қутулади.
Одамларни лақиллатувчи телеўйинларни эфирга узатган телеканалларга эса бирор чора кўрилмайди. Чунки медиамаҳсулот четдаги студиядан харид қилинган ва реклама тарзида эфирга узатилган.
«Шу сабабли, ҳурматли истеъмолчилар доимо ёдда тутинг: Тадбирларда иштирок этишдан аввал тақдим этилаётган рекламаларда жойлаштирилган маълумотларда тадбир ташкилотчиси, уни ўтказиш қоидалари ва муддатлари, тадбир ҳақидаги ахборот манбайи, мукофотлар ёки ютуқлар миқдори, уларни олиш муддатлари, жойи ва тартиблари борлигига эътибор беринг ва улар билан бирма-бир танишиб чиқинг.
Агар Сизда реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши юзасидан аниқ маълумот бўлса, 1159 қисқа рақамига мурожаат қилинг», дейилади Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги огоҳлантиришномасида.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар