20:55 / 30.11.2022
1 561

Олий суд раиси прокурорларни танқид қилди: “Ҳеч қанақа тайёргарликсиз келиб, шу ерда ўқиб олади”

Олий суд раиси прокурорларни танқид қилди: “Ҳеч қанақа тайёргарликсиз келиб, шу ерда ўқиб олади”
Фото: Олий суд матбуот хизмати
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов жиноят ишларига доир суд процессларида ҳақиқий тортишувчанлик принципи таъминламаётганини тан олиб, прокурорларда фаоллик етишмаётганини айтди.

Охирги пайтларда ҳимоячиларимиз (адвокатлар) фаол. Улар ҳар бир ишга тайёргарлик билан келиб, керак бўлса, судьяларимизни ноқулай ҳолатларга ҳам солиб қўйишга ҳаракатлар бўляпти.

Лекин, ҳамма билади, суд процессларида айблов прокурор томонидан таъминланиши керак. Прокурор процессга келмаса, биз судни бошқа кунга қолдиришга мажбурмиз. Натижада одамлар судлардан норози. “Суд бизни сарсон қилди, бизни чақириб, процессни бошламади”, деяпти. Бу масалалар бўйича ҳам ҳурматли президентимизга муаммоларимизни етказдик. Ечимлар асосида ҳам таклифлар бердик
”, – деган Бахтиёр Исломов 26 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Судьялари ассоциациясининг VI съездида.

Олий суд раиси процессга тайёргарликсиз келаётган прокурорлар туфайли судьяларнинг холислигига шубҳа туғилаётганини билдирган.

Прокурорлар охирги вақтларда… оддий сўз билан айтганда, қўлтиғига шу НПни берамиз, ҳеч қанақа тайёргарликсиз келиб, ўша ердан ўқиб... Айблов нуқтайи назаридан бирорта фаол савол-жавоб йўқ. Фақат адвокат гапиради. Прокурорнинг фаоллиги йўқлиги сабабли биз айблов нуқтайи назаридан савол-жавобга кириб кетишга мажбур бўляпмиз. Бу одамларнинг ва ҳимоячининг ҳақли эътирозларига олиб келяпти. Судьянинг холислигига шубҳа пайдо бўляпти. Аслида бундай бўлиши мумкин эмас-ку?!” – дея Бахтиёр Исломовнинг сўзларини келтирган Uzreport TV.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Исломов шу йил август ойи Олий суд раиси этиб тайинланган эди. Бунгача у президент маслаҳатчиси эди. Уни янги жамоага Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов таништирган ва суд органларига нисбатан аҳоли эътирозлари ҳаддан зиёд кўпайиб кетганини айтганди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият