
10 декабр, шанба куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги нефт базада авариявий ҳолат келиб чиққани ортидан 11,5 минг тонна нефть маҳсулоти (AI-80 бензин)нинг оқиб кетгани хабар қилинган эди.
Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳолат жойига чиқиб ўрганилгани ва табиатга етказилган зарар суммаси ҳисоб-китоб қилинаётгани ҳақида маълум қилди.
«Нефть маҳсулотларини сақлаш омбори экологик хавфлилиги бўйича 1-тоифали объект ҳисобланиб, корхонага берилган давлат экологик экспертиза хулосасига кўра нефть сақлаш сиғимлари жойлашган ҳудудда авария ҳолатларини инобатга олган ҳолда ҳовузлар ташкил этилиши лозим.
Корхонадаги мавжуд ҳовузлар белгиланган талаб даражасида эмаслиги натижасида нефть маҳсулотлари маҳаллий ариқ орқали Дукенсой сойининг сув ҳавзасига сизиб чиққан», – дейилади Экоқўмита муносабатида.
Қайд этилишича, ҳозирда нефть билан ифлосланган сув ҳавзасидан олинган таҳлил намуналари лаборатория текширувидан ўтказилмоқда.
Тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар эса ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар