20:33 / 12.12.2022
1 376

«Ўзбекнефгаз» АЁҚШларида Аи-80 бензини бир литри учун 5700 сўмдан сотилишни бошлайди

«Ўзбекнефгаз» АЁҚШларида Аи-80 бензини бир литри учун 5700 сўмдан сотилишни бошлайди
«Ўзбекнефгаз»га қарашли барча АЁҚШларда 13 декабрь соат 00:00 дан бошлаб Аи-80 бензини нархи бир литри учун 5700 сўмдан сотилишни бошлайди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев хабар бермоқда.

- "Барчага раҳмат! Бу ҳайдовчилар учун енгиллик беради, деб умид қиламиз", — деб ёзади депутат.

Шунингдек, президентнинг «Аи-80 русумли автобензин маҳсулотини акциз солиғидан озод қилиш бўйича» қарори қабул қилинди. Қарорда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган Аи-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғини «нол» ставкада қўллаш. Натижада Аи-80 русумли автобензин маҳсулотининг чакана нархи амалдаги нархларга нисбатан ўртача 8,7 фоизга камайиши прогноз қилинмоқда.

Шунингдек, акциз солиғининг вақтинча қўлланмаслиги натижасида аҳоли ва тадбиркорлар ихтиёрида 213,7 млрд сўм маблағ қолади. 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 апрелга қадар «Ўзнефтгазинспекция» ва «Ўзэнергоинспекция» томонидан, истисно тариқасида, бизнес омбудсман билан келишилмасдан тадбиркорлик субъектларини уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини текширишга рухсат берилмоқда.

Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Электр энергетикада назорат инспекцияси ўтказиладиган текширувлар натижалари бўйича автобензин маҳсулотларининг ортиқча йўқотишларига ва талон-торожликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жазо чораларини қўллаш, шунингдек, уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимномалар киритиб борилади.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларнинг автобензин маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ўз вақтида таъминлаш, уларнинг нархларини барқарорлаштириш ҳамда аҳолининг ортиқча сарф-харажатларини қисқартиришга олиб келади.

Бу ўзгаришдан сўнг иқтисодчи Отабек Бакиров «Адашганимдан хурсандман!» сарлавҳали пост қолдирди.

- Аи-80 бензини 1000 сўмга эмас, 1100 сўмга арзонлайди. Бензинга акцизнинг вақтинча бекор қилиниши ҚҚСнинг бекор қилиниши каби самарасиз чиқади, деб ўйлаб адашганимдан хурсандман.

Энди узоқ муддатда ҳаракатлар самарадорлиги учун ҳукумат рақобатни қўллаб-қуватлашни кучайтириши керак. Бензин импортчилари сони кўпайиши керак, улгуржи ва чакана таклиф этувчилар кўпайиши керак. Нархлардаги ўзгаришлар глобар бозорлардаги ўзгаришлар билан корреляцияда бўлиши зарур. Чунки истаймими ё йўқми, акцизни доимийга бекор қилиб бўлмайди, бюджет мажбуриятларини ҳеч ким бекор қилиб қўя олмайди
, — дейди иқтисодчи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ўзбекнефгаз» АЁҚШларида Аи-80 бензини бир литри учун 5700 сўмдан сотилишни бошлайди