
Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида
14 декабрь куни БМТ Бош ассамблеяси “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни бир овоздан маъқуллади.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу резолюцияни қабул қилиш таклифи Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилда БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурилган.
Резолюцияда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликни таъминлаган ҳолда кенг кўламли, барқарор ва изчил тикланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ҳар томонлама ҳамкорликка содиқликни мустаҳкамлашда парламентлар муҳим ўрни қайд этилади.
Бош ассамблея давлатларни парламентларни қўллаб-қувватлашга, уларни БРМга эришиш бўйича келгуси фаолият ва улар эришилишини кузатиш жараёнларига, ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, миллий масъулият ва ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш учун уларга ёрдам беришга чақиради.
Хотин-қизлар қонун чиқарувчи органлар ишида ва парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокига кўмаклашиш орқали БРМга эришишни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар марказий омили сифатида гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
2030 йилга қадар бўлган даврдаги кун тартиби муваффақиятли амалга оширилишида ёшлар ўрни ва ҳиссаси муҳимлиги, ёшлар парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокини таъминлаш зарурлиги эътироф этилган.
Дунё барча қитъаларидаги 80 та давлат, Марказий Осиё мамлакатлари, Австрия, Бангладеш, Баҳрайн, Бельгия, Германия, Жазоир, Испания, Индонезия, Италия, Колумбия, Корея, Малайзия, Миср, Нидерландия, Норвегия, Покистон, Португалия, Россия, Сингапур, Финляндия, Франция, ХХР, Швеция, Япония, Қатар ва бошқалар ҳужжат ҳаммуаллифлари бўлди.
БМТ тузилмалари ва бошқа халқаро ташкилотлар резолюцияни олқишладилар. Резолюция парламентлар учун ўзига хос дастуриламал бўлиши, БРМни жадал амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларини фаоллаштириши қайд этилмоқда.
Парламентлараро иттифоқ ушбу ҳужжатни 2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси 78-сессияси Олий даражадаги ҳафтаси доирасида бўлиб ўтадиган БРМ саммитига тайёргарлик йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар