571
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кескин совуқда қишлоқ хўжалиги экинларини асраш бўйича тавсиялар берди

Ўзбекистонда 10—15 январда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши кутилаётгани сабабли Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фермер хўжаликлари, боғбонлар, иссиқхона ва томорқа ер эгаларига ўз тавсияларини берди.
Қайд этилишича, кузги бошоқли дон экинининг қишки совуққа чидамли бўлиши ундаги тўплаш тугунининг қанчалик чуқурлигига ва бошқа омилларга боғлиқ. 2023 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини совуқдан зарарланмаслиги учун қуйидаги зарур чора-тадбирларни кўрилиши мақсадга мувофиқ:
- кеч экилган, айниқса, айрим 1-2 барг ҳолатида бўлган ғалла майдонларига чириган маҳаллий ўғит (гўнг) сепиш;
- ғўза қатор ораларига экилиб, ҳозирги кунгача ғўзапоялардан тозаланмаган майдонларда ғўзапоядан тозалаш ишларини совуқ кунлар тугагунга қадар тўхтатиш;
- электр энергия чекловлари бўлишини инобатга олиб, насос агрегатлари ва лоток тармоқларининг музлаб ёрилишини олдини олиш учун улардан фойдаланишни вақтинча тўхтатиш;
- совуқ таъсирида ғаллага зарар етиши кузатилган ҳолатларни бартараф этиш бўйича қишлоқ хўжалиги мутасаддилари ва олимлар иштирокида штаблар ташкил этиш.
Сабзавотчилик ва полиз экинлари. Ҳозирда республика дала ер майдонларида асосан август сентябрь пиёзлари ва саримсоқпиёзлар экилган. Ушбу сабзавот экинларини кескин совуқдан асраш учун қуйидаги тавсияларни қўллаш лозим:
- экин майдонларини устини плёнка қопламалари оддий ёки дуга усулда қоплаш;
- маҳаллий чириган гўнг, шоли қипиғи ва апилка билан мўлчалаш;
- сомон ёки майин хашаклар билан ўсимлик устини ёпиб чиқиш каби чора-тадбирлар.
Шу билан биргаликда сабзавотлар экилган дала майдонини шамол оқимига қараб олов ёқиб тутатиш ҳам фойда беради.
Тўқсонбости усулида экилган сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, селдерей, кашнич, салат) экинлари уруғлари ҳали ердан униб чиқмаган ва уларни совуқдан зарарланиш эҳтимоли жуда паст даражада.
Иссиқхоналарда помидор ва бодринг етиштиришда иншоотдаги ҳаво ҳарорати ўсимликлар учун мос бўлиши лозим. Иссиқхонада етиштирилаётган бодринг ҳарорат 0 даражага тушиб кетганда нобуд бўлади. Помидорнинг эса +7 даража ҳароратда илдиз тизими, -1-2 даража совуқда эса ўсимликнинг ўзи нобуд бўлади.
Иссиқхоналарда исириқ ва бошқа тутатиш поҳол ёки эскирган техник балонларини ёқиб тутатиш натижасида ҳам 2-3 даража иссиқлик бериш ва ушлаб туриш мумкин.
Жанубий минтақаларда сабзавот экинларини кескин совуқдан уларни қандай ҳимоялаш бўйича тавсиялар:
- иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим тадбирларидан бири дугалар ўрнатиш, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпиш, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳамда атрофига гўнг аралаш хашак, похол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш;
- иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини иссиқхонада тайёрлашни ҳамда бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш;
- ҳар бир далада ҳаво ҳароратини кузатиб, -1 даражага тушиши билан уюмларни тутатиш;
- совуқ тушишинг энг фаол вақти бу тонгги соат 3-5 оралиғида бўлиб, айнан шу вақтда ўсимлик совуқдан зарарланади, шу боис, ҳушёрликни ошириш талаб этилади.
Совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлар каби экинларга -2-3 даража совуқ сезиларли таъсир этмайди.
Мевали боғ ва узумзорларда қуйидаги агротехник тадбирларни амалга ошириш орқали уларни совуқ уришдан ҳимоялаш мумкин:
- мевали боғ ва токзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиб, суғориш, яъни яхоб суви бериш лозим. Совуқ вақтида боғ ва токзорларни қондириб суғориш натижасида сув ҳарорати ҳаво ҳароратидан юқори бўлганлиги учун сув буғлари ер ва дарахтларнинг ҳароратини пасайишига йўл қўймайди;
- уруғли мева боғларда шакл бериш ва кесиш тадбирларини совуқ ҳароратлар ўтгунга қадар вақтинча тўхтатиш;
- кўмилмай қолган ток туплари, анор ва анжир буталарини совуқдан сақлаш учун зудлик билан хашаклар ва шоли поялар билан ёпиш ёки тупроқ билан кўмиш;
- хурмо дарахтлари таналарини ва шох-шаббаларини хашак, қуруқ макка ва шоли поялари ҳамда бошқа нарсалар билан ўраш;
- иссиқхоналарда етиштирилаётган цитрус ва қулупнай ўсимликларини ҳимоя қилиш учун плёнка остидан яна бир қават юпқа плёнка тортиш (термос қилиш) ва иссиқхона устидаги қорларни туширмаслик зарур;
- мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига маҳаллий ўғит аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш (мевали боғ ва узумзорларга бир текисда эни 1,25-1,5 метр ҳамда баландлиги 0,5-0,75 метрдан тўп-тўп қилиб уйиб қўйиш);
- яхши ёйилиши учун уюмларни мевали боғ ва узумзорларнинг шамол эсадиган томонига қўйиш ҳамда ҳаво ҳароратини кузатиб бориш.
Чорвачиликда — чорва ҳайвонлари сақланадиган биноларнинг мақбул ҳарорати +7…+17 даража даража ва майда шохли қорамоллар учун +10…+12 даража даража бўлиши талаб этилади (ёш қорамоллар учун бу кўрсаткичлар бироз юқори бўлиши керак).
Чорва молларини кескин совуқдан асраш учун:
- чорва ҳайвонларини ширали озуқалар билан озиқлантириш ва сув билан суғоришни ёпиқ биноларнинг ичида ташкил этиш;
- етук ёшдаги чорва ҳайвонларини +10…+12 даража даража ва ёш молларни +16…+30 даража даража ҳароратдаги сув билан суғорилиши мақсадга мувофиқ;
- бир кунда етук ёшдаги қорамолларга ўртача 60-100 литр, ёш қорамолларга 20-30 литр, майда шохли қорамолларга 5-10 литр сув ичириш керак;
- хўжалик ҳудудларини тўлиқ ўраш ва унинг ҳудудига ёввойи ҳайвонларни киришини олдини олиш;
- турли турдаги чорва ҳайвонларини битта бинода сақламаслик керак;
- чорва биноларида табиий ва махсус вентиляция тизими бўлиши талаб этилади.
Вазирлик хабарида айтилишича, ушбу агротехник тадбирларни олиб борилиши қишлоқ хўжалиги экинларини совуқдан зарарланишдан ва нобуд бўлишдан асрайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар