
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Уюшмага келган ёшу қари мижозларнинг муаммоларини тинглагандан кейин Ҳабиба хоним бир қарорга келганди. Одамларнинг қалбида хавфли бўронлар кўтарилар, бу хусусда нимадир қилиш шарт эди. Учрашув мавзусини тайёрлаб, кутаётганди.
Бир неча соатдан кейин уюшманинг бошқа аъзолари ҳам етиб келишди. Улар билан ҳам керакли маслаҳат қилинганди.
– Дўстлар, уюшмамизга мурожаат қилган, кўзёш тўкаётган аёллар орасида таҳлил ўтказдим. Кўрдимки, аёлларни йиғлатадиганларнинг деярли ярми аёллардир. Кўплаб мижозларимиз: “Эримни бошқа аёл тортиб олди”, деб йиғламоқда. Айримлари қайнонасидан, айримлари келинидан, бошқалари қайнопасидан ёки қўшнисидан озор чеккан. Баъзиларини эса бошлиқ аёллар йиғлатади. Кўпчилигининг кўзёшига эрларининг бошқа аёлни танлагани сабаб. Ўша бошқа аёлларга хабар етказиш, уларни тарбиялаш керак. Бировнинг эрини тортиб олишга уринишмасин. Аслида, эркакларга ҳам етказиш керак. Лекин бу ерда бизнинг мавзумиз аёлларга оид.
Йиғилганлар диққат билан Ҳабиба хонимни тинглашарди. Уюшма аъзоларидан Назмия хоним сўради:
– Улар ҳам нима қилсин севиб қолган бўлса?
– Бундай қилмасин, азизам. Агар ошиқ бўлса, юрагини бўйсундиришга ҳаракат қилсин. Бировнинг никоҳида бўлган одамга кўз тикиладими? Зотан, шаръий никоҳга ишонишини айтадиган баъзилари шаръий никоҳни суистеъмол қилмоқда. Улар шаръий никоҳ панасига яширинади. Диний никоҳга ишонмайдиганлар эса эркинлик ортига беркинади, натижада ўз бахти учун бошқа бировни қақшатади. Уюшма сифатида бу муаммога ечим топишимиз керак. Айтиш жоиз, аёллар ҳам аёлларга зулм қилишади.
Уларнинг эътиборини шу нуқтага қаратишимиз керакки, аёлларга зулм ўтказишда эркаклар билан мусобақалашишмасин. Ҳамма кўнгли тусаганини қўлга киритади, деган қоида йўқ. Бу ер – дунё. Дунёдаги одамлар ким нима истаса, ўшанга эришолмаслигини билиши керак. Нариги дунёга борганимизда, ҳар ким хоҳлаганини олиши мумкин. У жойдаги қонунлар бошқа, бу ердагиси бошқа.
Уюшма аъзоларидан бўлган Ойша хоним ғазаб билан ўрнидан туриб, бақира кетди:
– Бу билан нима демоқчисиз, Ҳабиба хоним? Менга тош отяпсизми? Оилали одамга текканим учун шундай деяпсиз, лекин эрим мени қандай шароитда олганини, қай вазиятда турмушга чиққанимни билмайсиз-ку!
Ҳабиба хоним ҳайрон бўлди:
– Йўқ, сиз нотўғри тушундингиз. Истиснолар қоидаларни бузмайди. Нега сизга тош отишим керак? Эрингиз хотини билан бахтли яшаётган экан, сиз бориб уни ўзингизга қаратиб олмадингиз, йўлдан оздирмадингиз-ку! Мен бошқа нарсани айтяпман. Баъзи аёллар оилали эркакни севиб қолдим, деб ўйлашади. Кейин эса у кишини қандайдир йўл билан хабардор қилиб, таъсир кўрсатиб, охир-оқибат ошкора ёки яширин никоҳ билан турмуш қуришади.
Эркакнинг нариги хотини бахтсиз бўладими, кўзига дунё тораядими, уларга бунинг фарқи йўқ. Ўзларини оқлаш учун “Исломда иккинчи никоҳ бор-ку, бу унутилган суннати санияни тирилтирмоқчимиз”, дейишади. Аслида улардан: “Бировнинг эрини йўлдан уриш Исломда борми?” деб сўраш керак. Яна шуни қўшимча қилиш зарур: “Қуръонда бор бўлган рухсат унутиладими?” Худонинг тавсиясига қулоқ солиш керак. Мана шу масалалар ёддан кўтарилмоқда.
Ойша хоним яна жаҳл билан баҳслашарди:
– Тушунишимча, иккинчи хотинларга ёмон кўз билан қарайсиз...
– Йўқ, адашяпсиз. Бугунги кундаги иккинчи никоҳларнинг аксарияти Ислом руҳи ва адолатидан йироқ. Кўпинча яширинча ўтказилади. Икки гувоҳдан иборат бўлган ва шу икки гувоҳдан бошқа ҳеч кимга эълон қилинмайдиган яширин никоҳ жоиз эмас. Никоҳдан мақсад оммага маълум қилишдир. Яширин бўлгач, агар эркак вафот этса, иккинчи аёлга мерос берилмайди. Чунки ҳеч кимнинг хабари йўқ. Шундай бўлиши мумкинми? Бундан ташқари, гувоҳларнинг ҳам ким эканлиги номаълум. Бу никоҳ бўлмайди-ку! Баъзан эса очиқ-ойдин бўлади, лекин иккинчи аёлга жазмандек саналади. Унга жаҳаннам азоби тоттирилади.
Баъзан эса иккинчи хотин ва унинг болаларига мерос берилмайди. Берилган тақдирда ҳам, тўлиқ эмас. Аёлларнинг бошқа эркакни йўлдан уриб, “менга уйлан” деб мажбурлашига қаршиман. Лекин қандайдир тарзда турмуш қурганлар ҳақида гапирмаяпман, бундан кейингиларини айтяпман. Келинг, олдин бўлганлар билан эмас, балки бундан кейин бўладиганлар билан шуғулланайлик. Шундай хатоларнинг олдини олайлик, деяпман. Мақсадим иккинчи хотинларни камситиш эмас. Илтимос, мени тушунинг. Бир аёл эрини қизлардан узоқлаштириш учун беркитиб қўйишга мажбур бўлганини гапириб берди. Эри радиода ишларкан.
Айтдики: “Қизлар эримни йўлдан уради. Бировнинг жуфтига бундай ортиқча эътибор ва меҳр кўрсатиш нотўғри. Менинг эътиборим энди эримни қизиқтирмай қўйди. У шунчалик кўп илтифот кўрадики, ўз хотинига эҳтиёжи қолмаяпти”. Шунинг учун қизлар ва аёлларни огоҳлантирайлик деяпман. Уларга қалбга кўра эмас, балки имон ва адолатга мувофиқ ҳаракат қилишни ўргатиш керак. Айтганларимнинг сизга алоқаси борми, Ойша опа? Сиз қилган иш билан биз гаплашаётган нарсалар орасида жуда катта фарқ бор.
– Баъзилар туфайли бизга гўё ёмон аёллардек муомала қилишади. Мен оилали одамга турмушга чиқишни хоҳлармидим? Бева қолганимда ҳеч ким бўйдоқ йигитга лойиқ кўрмади. Тул эркакларга бева аёллар тавсия этилмагани ҳолда, бева аёлга ё турмуш қурган, ёки кекса кишилар тавсия қилинади. Аввал, бу ноҳақликлар ҳал бўлиши керак.
Ойша хоним йиғлай бошлади. Бу сафар Фазилат хоним гапирди:
– Эрингиз тағинам адолатли экан. Қаранг, на сиз биринчи аёлга зуғум қила оласиз, на у сизни эза олади. Бундан ташқари, эрингиз бева аёлга уйланган. Баъзилар бева ҳақида эшитишни ҳам хоҳламайди, айтганингиздек, уларга ёш қиз маъқул. Бева аёлларни ким олади билмайман? Камига Пайғамбаримиз алайҳиссаломга туҳмат қилишади. “Бевага уйланиш ҳаром, бева аёл вафосиз бўлади”, каби бир қанча уйдирма-тўқима ҳадислардан ўзларига қалқон ясашади. Насронийларга ўхшашни хоҳлашади.
Уларнинг дунёсида бева аёл нопок ҳисобланади. Шунинг учун Инжилда “Бевага уйланган киши зино қилган ҳисобланади”, тарзидаги изоҳ мавжуд. Бизникилар ҳам эътиқод жиҳатидан улардан фарқ қилмайди. Булар алоҳида масалалар. Келинг, мавзуга қайтайлик. Ойша хоним, бошқача ўйламанг, сизнинг қандай шароитда турмуш қурганингизни биламиз. Билмасак ҳам, муҳокама қилишга ҳақимиз йўқ. Лекин Ҳабиба хоним айтганидек, бу муаммога ечим топиш керак. Менимча, бизни тушундингиз.
Амина Шенликўғли
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар