09:00 / 26.02.2023
235

Бизнес дипломатия - ташқи сиёсатга ижобий таъсир қилувчи омил

Бизнес дипломатия - ташқи сиёсатга ижобий таъсир қилувчи омил

«Фикрат» таҳлилий кўрсатувининг яна бир сони мухлисларни янада қувонтирди. Буни онлайн кўрсатув давомида берилган саволларнинг кўплиги ва ранг-баранглигидан ҳам билса бўлади.

Ўзбекистоннинг турли давлат, хусусан, туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлиги масалаларига бағишланган ушбу таҳлилий дастурда фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Каримов ҳамда Ўзбекистон иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров эксперт сифатида иштирок этишди.

Ўзбекистон иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаровнинг “бизнес дипломатия” тушунчаси ва бу борада амалга оширган ишлари томошабинлар учун янгилик бўлди.

- Ўзбекистон иқтисодиёт ассамблеяси ўз фаолиятининг биринчи кунлариданоқ Ўзбекистон учун янги бир йўналиш - иқтисодий дипломатия, ёки бошқача қилиб айтганда, бизнес дипломатияга алоҳида эътибор қарата бошлади, дейди Мухтор Умаров.

- Бизнес дипломатия иқтисодий алоқаларни ривожлантириш орқали халқлар ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишни англатади. Мазкур йўналиш бўйича Европа мамлакатлари билан ҳам, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Америка Қўшма Штатлари билан ҳам кенг кўламдаги мулоқотни йўлга қўйдик. Лекин бир нарса яққол кўзга ташланяптики, туркий давлатларнинг тадбиркорлари билан тил топиш жуда осон ва тез кечмоқда. Тиллар ва қалблар яқинлиги ижобий омил бўлган, назаримда.

Ҳаммага маълум, қаерда ривожланиш осон бўлса, имкониятлар кўп бўлса, тўсиқлар бўлмаса, қаерда кўпроқ манфаат бўлса, тадбиркорлар ўша ерга интилади. Биз ҳам бу масалаларни аниқлаб, таҳлил этиш ва тегишли ечимлар таклиф қилиш асносида шундай тадбиркорлар билан ўзаро тажриба алмашиб, улар билан экспорт-импорт бўйича истиқболли ва самарадор ғояларни шакллантиряпмиз.

Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзо бўлиши ва ташкилот доирасидаги анчайин самарали фаолияти бу соҳадаги саъй-ҳаракатларимизга катта ёрдам бериб келаётганди. Афсуски, коронавирус пандемияси иш суръатимизни анча сусайтириб қўйди. Фаолиятимизнинг устувор йўналишларига бироз тузатишлар киритишимизга тўғри келди.

Пандемия тугаши биланоқ, мазкур ташкилот раҳбарияти билан мулоқот қилиб, Туркияга бизнес делегация сифатида бордик. Тўққиз кунлик сафаримиз давомида кўплаб вазирликлар, саноат ҳудудлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар билан учрашувлар уюштирилди. Туркияда бизнес учун яратилган шароитлар ва бу йўлдаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича тажриба алмашиб, қимматли ҳамда фойдали кўникмалар ҳосил қилдик.

Таъкидлашим керак, бундай учрашувлар нафақат Туркия, балки бошқа ривожланган хорижий мамлакатлар ва уларнинг бизнес қатлами билан ҳам йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ. Чунки ўзаро тажриба алмашувлар нафақат тадбиркорликни ривожлантириб, пировардида халқ фаровонлигининг ошишига хизмат қилади, балки Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан сиёсий-дипломатик алоқалари мустаҳкамланишига ҳам ҳисса қўшади.

Қолаверса, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида бизни қўлловчи давлатлар ва сиёсатчиларнинг кўпайишига ҳам хизмат қилади.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, бизнес дипломатия айни вақтда мамлакатимиз учун эътибор қаратса арзийдиган йўналишлардан бири, деб ҳисоблайман, дея ўз мулоҳазаларини баён этди Ўзбекистон иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият