“Ўзгидромет” маълумотига кўра, сўнгги 50 йил ичида 1972 йилнинг март ойи энг совуқ бўлган, ҳатто март ойининг учинчи ўн кунлигида ҳам ҳарорат кечалари 10-15 даража совуққача пасайган.
Сўнгги йиллар Ўзбекистонда март ойида асосан илиқ об-ҳаво кузатилмоқда. 2008, 2016, 2018 йилларнинг март ойлари барча кузатув йиллари учун энг илиқ учликка кирди. Энг иссиқ кунларда ҳарорат 30-32 даража иссиққача, жанубда баъзи жойларда 35-37 даража иссиққача кўтарилган.
Ўзбекистонда март ойи – ёғингарчилик миқдори ва ёғингарчилик кузатилган кунлар сони бўйича йил давомида энг ёғингарчилик кўп бўладиган ой деб ҳисобланади. Шимолий ҳудудларни ва чўл зонасини ҳисобга олмаганда, март ойида ўртача 10 кундан 15 кунгача ёғинли кунлар кузатилади.
Бу йил март ойи жуда илиқ об-ҳаво билан бошланади. Март ойининг биринчи ўн кунлигида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 17-22 даража илиққача, айрим кунларда 24-27 даража иссиққача, жанубда ва чўл ҳудудларда 29 даража иссиққача кўтарилади.
5-6 март кунлари ва ўн кунлик охирида республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ёмғир пайтида кундузги ҳаво ҳарорати бироз пасаяди, бундай ҳолатга қарамай, март ойининг биринчи ўн кунлиги меъёрдан нисбатан илиқроқ бўлади.
Март ойининг иккинчи ва учинчи ўн йилликларида ҳарорат кечалари 7-12 даража илиқдан 0-5 даража илиққача (баъзи жойларда 2 даража совуққача бўлиши мумкин), кундуз кунлари 20-25 даража иссиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида (ҳар бир ўн кунликда 1-3 кундан) асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)