Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси томонидан кириб келаётган умумхалқ байрам - Наврўзи олам муносабати билан спортнинг мини футбол тури бўйича мусобақа ташкил этилди. "Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида бўлиб ўтган мусобақада бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларидан иборат 14 та жамоа куч синашди. Ушбу мусобақа Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти кенгаши билан ҳамкорликда ташкил қилинди.
1-сонли футбол мактабига қарашли сунъий қопламали майдонларда бўлган баҳсларда ҳар бир ўйинлар муросасиз, қизғин курашларга бой тарзда кечди. Қуръа натижаларига кўра, бир-бирига тўқнаш келган жамоаларнинг майдондаги ҳаракатлари барчада қизиқиш уйғотди. Айниқса, ярим финалга йўлланма олган бошқарма, Наманган шаҳри, Учқўрғон ва Мингбулоқ туманлари жамоалари ўртасидаги баҳслар муросасиз кечди. Финалда ўтган йилги сценарий такрорланди. Яъни, бир-бирига тўқнаш келган вилоят бошқармаси ва Учқўрғон тумани бўлимлари жамоаси бу йилги мусобақада ҳам куч синашдилар.
Ҳал қилувчи баҳсда вилоят бошқармаси жамоаси мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Иккинчи ўринга Бюронинг Учқўрғон, фахрли учинчи ўриндан эса Мингбулоқ тумани жамоаси жой олди. Мусобақа якунида ғолиб жамоалар ва энг яхши дарвозабон, ҳимоячи ва ҳужумчилар тақдирланди.
МИБ Наманган вилояти бошқармаси
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!