Бухорода маст ҳолда машина бошқарган ҳайдовчи ЙПХ инспекторига 100 доллар пора беришга уринди
Бухоро вилоятида автомобилни маст ҳолда бошқарган ҳайдовчи ЙПХ инспекторига пора беришга уринган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро ЙҲХБ инспекторига спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомобиль бошқариб, йўл ҳаракати қоидабузарлигини содир этгани юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва автомашинани жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 100 АҚШ доллари миқдорида пора беришни таклиф қилган.
Инспекторнинг Ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига ёзган билдиргиси асосида 6 март куни соат 11:40 ларда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси, Бухоро вилояти бўйича бошқарма ҳамда департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Когон шаҳрида жойлашган автомобиль майдончасида фуқаро инспекторга 100 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)