Наманган вилояти ИИБ томонидан қидирув эълон қилинган Шерзод Умаров (зўравонликда айбланмоқда) жорий йилнинг 12 апрел куни Наманган шаҳри «Ўзбекистон» кўчасида жойлашган яшаш хонадонининг ертўласидан топилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги хонадонларнинг бирида ИИБ ходимларининг қидирувдаги шахснинг уйига боргани ва хонадон эгаларининг қаршилиги акс этган видеолавҳа тарқалганди.
ИИВ берган маълумотга кўра, тасвирда акс этган ҳолат Наманган шаҳри Ўзбекистон кўчасидаги хонадонда яшовчи 34 ёшли Шерзод Умаров билан боғлиқ бўлиб, у жорий йилнинг 1 апрель куни соат 23:30ларда Наманган шаҳрининг Бобур боғидан вояга етмаган қизни уйига олиб бориб қўйишини айтиб, алдаб, номаълум манзилдаги хонадонга олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига теккан.
Ш.Умаровнинг жиноятга оид ҳаракатлари Бобур боғи ва атроф кўчалардаги кузатув камераларида акс этган. Шунингдек, ҳозирда жабрланувчининг кийимлари, баданидаги тан жароҳатлари ва зўрлик аломатлари юзасидан тегишли судга оид тиббий экспертизалар тайинланган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг