Қадр кечаси рамазон ойида эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Чунки Аллоҳ таоло бир оятда “Биз Уни (Қуръонни) қадр кечасида нозил қилдик”, дея марҳамат қилган бўлса, бошқа бир оятда “Рамазон ойи – у ойда одамларга ҳидоят ҳамда тўғри йўл ва фурқондан иборат очиқ баёнотлар ўлароқ Қуръон нозил бўлган”, дейилади.
Ҳадиси шарифда эса бу кеча рамазон ойининг сўнгги ўн кечасида эканлиги хабар берилган. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий алайҳиссалом рамазоннинг сўнгги ўн кунида янада кўп ибодат қилар эдилар ва: “Қадр кечасини рамазоннинг сўнгги ўнлигидан изланглар”, дер эдилар”. (муттафақун алайҳ)
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳисалом (рамазоннинг) йигирманчи куни эрталаб хутба қилиб айтдилар: “Менга қадр кечаси кўрсатилди, сўнгра унуттирилдим (ёки унутдим). Уни сўнгги ўн куннинг тоқларидан изланглар”, дедилар. (муттафақун алайҳ)
Қадр кечасининг айнан қайси тунда экани борасида шу ва шунга ўхшаш бир қанча ишончли матнлар келган. У матнларнинг баъзиси баъзисини қўллаб-қувватласа, баъзилари бир-бириги зид келган. Қадр кечасининг айнан қайси кунда эканининг бизга махфий бўлишида ҳам Аллоҳнинг гўзал ҳикмати бор. Агар бу кечанинг айнан қайси тунда экани ошкор қилинганда эди, бутун рамазон бўйи ғафлатда ётиб, айнан ўша тунда ибодатга, тунни бедор ўтказишга киришиб қолардик. Шунинг учун бутун рамазон бўйи сергак, ибодат ва зикрда бўлишимиз учун бу туннинг айнан қайси кечада экани бизга маълум қилинмаган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганларидек: “Аллоҳ таоло олти нарсани олти нарсанинг ичига яшириб қўйди: Ўзининг розилигини ибодатларига, Ўзининг ғазабини гуноҳларга яширди. Исми аъзамини Қуръонга, қадр кечасини рамазон ойига, "Ўрта намоз"ни намозлар ичига, қиёмат кунини эса кунлар ичига беркитди”.
Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, Ўзининг розилигини ибодатлари орасига беркитди. Банда айнан қайси ибодати орқали Унинг розилигини топишини билмайди. Шу сабабдан катта бўлса ҳам, кичик бўлса ҳам барча ибодатларга эҳтимом билан ёндошади. Ҳудди шу сингари Ўзининг ғазабини ҳам гуноҳлар орасига яшириб қўйди. Шу сабабдан банда катта-ю, кичик гуноҳлардан, ҳаммасидан четланаверади. Ўзининг “Исми Аъзами”ни ҳам ошкор қилмай, Қуръони каримга яширди. Шунинг учун бандалар Исми Аъзамни топиш мақсадида ҳам Қуръонни тўлиқ ўқийдилар. “Солатул вусто” – “Ўрта намоз” ҳам беш вақт намозлар орасига яширинган.
Айнан қайси намоз “Ўрта намоз” экани маълум эмас. Бинобарин бандалар беш вақт намознинг ҳаммасига шу ўрта намоз бўлиши мумкин, деган умидда диққат билан ёндошадилар. Қиёмат кунини ҳам айнан қайси кунда бўлиши ошқор қилинмади. Агар ошкор қилинганда бандалар айнан ўша кунга тайёрланиб, қолган кунларни ғафлатда, гуноҳ-маъсиятда ўтказардилар. Кишилар қиёмат куни маълум бўлмагани учун ҳам ҳар кун қиёматга тайёрлангандек тавба ва истиғфор билан кунни ўтказадилар. Ҳудди шулар каби Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмати ила қадр кечасини ҳам рамазон ойининг кечаларидан бирига яшириб қўйди, токи бандалар рамазоннинг ҳар тунини, ҳеч бўлмаса сўнгги ўн кунини қадр кечаси сифатида ғанимат билиб, ибодатда ўтказсинлар.
Қадр кечасининг фазли
Лайлатул қадр кечасининг фазилатли кеча экани борасида уламолар иттифоқ қилишган.
Бу туннинг фазли ниҳоятда улуғ. Бу тунни намоз, Қуръон тиловати, зикр, истиғфор ва дуолар билан ўтказиш тарғиб қилинган.
Аллома, шайх Юсуф Қарзовий айтадиларки: “Қуръони Карим ва Суннат бу улуғ кечанинг фазли ҳақида таъкидлаб ўтган. Ҳатто Қуръони Каримда бу кеча хусусида бутун бошли сура нозил бўлган. Аллоҳ таоло ана сурада “Биз Уни (Қуръонни) қадр кечасида нозил қилдик”, дея марҳамат қилади. Ушбу оятда Аллоҳ таоло бу кечани “қадр” кечаси деб номлади. Яъни, бу кеча қадрли кеча, қийматли ва шарафли кеча. Оятнинг давомида: “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”, дейилмоқда. Яъни, бу кечада қилинган тоат-ибодат қадр кечаси бўлмаган минг ойдан яхшироқ. Шу билан бирга бу тунда Аллоҳнинг баракаси, саломи ва раҳмати ила фаришталар нозил бўладилар. У тунда то тонг отгунгача саломатлик – тинчлик бордир”.
Суннати набавийда ҳам бу кечанинг фазли ҳақида ҳадислар келган. Имом Бухорий роҳимҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ким қадр кечасида имон ва ихлос билан бедор бўлса, шу кечагача қилган барча гуноҳлари мағфират қилинади”. (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти)
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу тунни ғафлатда ўтказиб қўйишдан огоҳлантириб саҳобаларга айтганларки: “Албатта бу ой (рамазон ойи) сизларга етиб келди. Бу ойда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким бу тундан маҳрум бўлса, ҳамма яхшиликдан маҳрум бўлган бўлади. У туннинг яхшиликларидан фақатгина маҳрум бандалар қуруқ қолади”. (Имом Ибн Можа Анас ибн Моликдан ривоят қилган)
Мана, рамазон ойининг сўнгги ўн кунлиги ҳам аллақачон бошланиб, бу муборак ой ўз якунига етиб бормоқда. Шундай экан бу кунларни, бу тунларни ғанимат билиб, тиловат, намоз ва зикрлар билан ўтказайлик.
Қадр кечасини қандай ўтказиш ҳақида эса кейинги мақолаларимизда тўхталиб ўтамиз.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади
Манба: Azon.uz
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)