20:18 / 16.04.2023
503

Юракдан тўкилган чақув: Россияда профессионал чақимчилар кўпаймоқда

Юракдан тўкилган чақув: Россияда профессионал чақимчилар кўпаймоқда

Чақимчилик — бировларнинг устидан ҳокимият органларига чақув уюштиришни касб қилиб олган айрим шахслар ўз ишига сидқидилдан ёндашишмоқда ва бу хатти-ҳаракатидан асло уялишаётгани йўқ.

Ўтган йилнинг кузида антрополог Александра Архипова ўзи ишлаётган жойлардан бирида чақувга дучор бўлади ва уни уюштирган инсон билан боғланади. У К. исмли собиқ ўқитувчи аёл бўлиб, ўзининг қилаётган «иши» ҳақида жон-жон деб ҳикоя қилиб беради.

«Мен икки кун ичида чет эл агенти деб топилган шахслар ва нашрларнинг Youtube’даги каналида 20 соатдан ортиқ видеоларни кўриб чиқаман. Видеоларда сўзга чиққан ва Россияда яшаб турган инсонларни белгилаб оламан, масалан, бирор нарсани изоҳлаган олий ўқув юрти ўқитувчиси, мактабда дарс берувчи муаллим ва шу кабилар. Россияни тарк этганлар ҳақида чақув ёзмайман, чунки уларни барибир ҳокимият жавобгарликка торта олмайди», — деган номи ошкор этилмаган чақимчи аёл.

Аёл «Медиазона»нинг саволларига аноним тарзда ёзма жавоб беришга рози бўлган. У бу ишларни шахсий манфаатини кўзлаб амалга ошираётганини яширмаган.

«Мен бундан моддий манфаатдорман. Гап шундаки, Украина ҳокимияти урушнинг дастлабки кунларидан буён Россия уларга «репарация» тўлаши «шарт»лигини таъкидлаб келади. Москвадаги амалдорлар ўзларини хафа қилдириб қўймайди, албатта, лекин ҳудудлар бу «репарация»ларни тўплаб беришга ва 90-йиллардаги каби кучишлатар тизимларни қисқартиришга мажбур бўлади. Бу дегани мен яшаётган шаҳарда улкан ишсизлик ва унинг қариндоши — жиноятчилик даражаси ортади, нарх-наволар кўтарилади», — деган аёл.

Александра Архипованинг ёзишича, К. исмли аёл чақимчиларнинг икки тури бўлади, деб ҳисоблайди. Шунчаки фуқаровий чақимчи (у бир марта чақув ёзади ва инсон жазога тортилгач, ортиқ ёзмайди) ва профессионал чақимчи (К. каби ойлик олмасдан доимий равишда чақув уюштиради).

«Медиазона» суҳбатдошининг ҳисоб-китобига кўра, у уруш бошланганидан буён 922 марта чақув ёзган. У 40 ёшлар атрофида, миллиондан зиёд аҳолига эга шаҳарлардан бирида ўзининг шахсий квартирасида яшайди, доимий бўлмаган ишда ишлайди, судхўрлик билан кун кўради. Бўш вақти кўп бўлгани учун «икки кун ичида иккита» графигида чақувлар уюштириб туради. 20 соат тўхтовсиз видео кўргач, икки кун дам ҳам олади. Ўзи тан олишича, «бундай оғир видеоларни кўргандан сўнг ҳордиқ чиқариш ҳам керак».

Ўзининг хатти-ҳаракатини К. «қонида борлиги» билан ҳам тушунтиради.

«Чақимчилик, айтиш мумкинки, менинг қонимда бор. 1922 йилда бадавлат, бироқ қулоқ қилинмаган оилада туғилган бобом 1942-1945 йилларда фронтда офицер бўлган. У НКВДнинг «қулоғи» бўлган ва бу ҳақда ўзи менга очиқчасига айтган. У чақувлари остига қандай имзо қўйганини ҳам биламан», — деган К.

Чақимчи аёлнинг нишонларидан бирига айланган олима аёл бундай услублар иш беришини таъкидлайди.

«Инсон уруш билан боғлиқ бўлмаган мавзуда, айтайлик, чет эл агенти саналувчи «Дожд» телеканалида врач қорасон мавзусида чиқиш қилди, дейлик. Чақимчи аёл бу врач ҳақида унинг иш жойига хат жўнатади, нусхасини эса полицияга. Одамни чақириб, «бошқа бу ишни қилма», дейишади. Бояги врач ростдан ҳам бошқа бу ишни такрорламайди, мана шундай сукут спирали ишга тушади», — дейди антрополог Архипова.

К. ўзининг бош мақсади сифатида «қўрқув муҳити» яратишни белгилаган, яъни «чет эл агенти ҳисобланувчи ОАВда чиқиш қилган ҳар қандай инсон бу ҳақда иш берувчиси ёки полицияга ёзиб беришмасмикин, деган доимий хавотирда бўлади».

Агар унинг чақувларига давлат идоралари биринчи мартада жавоб бермаса, у аризаларини кўпайтириб, юқори турувчи бошқа ташкилотларга ҳам жўнатар экан.

Роскомнадзор маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён ўтган йилнинг август ойи ҳолатига Россия армияси тўғрисидаги «фейклар» мавзусида россияликлар 145 мингта чақув уюштиришган.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият