23:36 / 16.04.2023
447

Қатар Ўзбекистонда элчихона очди. Бу нимани англатади?

Қатар Ўзбекистонда элчихона очди. Бу нимани англатади?

Шу ҳафта бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга келган бир қанча янги элчиларни қабул қилди. Янги элчилар президентга ишонч ёрлиқларини топширишди. Улар орасида биринчи марта Қатарнинг фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим ҳам бор эди.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён, Қатар биринчи марта ўзининг фавқулодда ва мухтор элчисини тайинлади, Тошкентда элчихона очмоқда. Қатар – қандай давлат, бу давлатнинг муҳим жиҳатлари нимада, ва элчихона очиш – нимани англатади?

Ўзбекистон ва Қатар бир-бирларини суверен ва мустақил давлатлар сифатида 1997 йилнинг 27 ноябрида, Анқарадаги учрашувлар вақтида тан олишган эди. 2010 йил ноябрида эса, президент Каримов Қатарга давлат ташрифи уюштирган эди.

Агар харитага қарасангиз, Қатар анча кичик давлат эканини кўрасиз. Ҳудуди 11,5 минг кв.км атрофида. Яъни, Ўзбекистон ҳудудига 39 та Қатар давлатини жойлаштириш мумкин. Аҳолиси эса 2020 йилги маълумотларга кўра, 3 миллионга етар-етмас. Ўзбекистон аҳолисидан 12 марта кичкина.

Қатар 1971 йил сентябрида Англиядан мустақил бўлган. Бу – углеводородларга жуда бой давлат: табиий газ захирасига кўра, дунёда 3-ўринда туради. Аниқланган газ захираларига кўра, фақат Россия ва Эрон Ислом Республикасилари Қатардан олдинда. Нефть сотиш бўйича, Қатар дунёда 21-ўринда туради.

Дунё давлатларининг иқтисодий қудрати – ялпи ички маҳсулот ҳажми билан ҳам ўлчанади. Қатар ялпи ички маҳсулоти, сотиб олиш қобилияти билан ўлчанганда, тахминан 280 миллиард доллардан ошади. Агар жон бошига бўлганда, ҳар бир қатарликка 105 минг доллардан ошиқ миллий бойлик улуши тўғри келади. Иқтисодий салоҳиятига кўра, Қатар – дунёдаги катта салоҳиятли давлатлардан бири.

Лекин, Қатарнинг аҳамияти, ўзига хослиги – фақат унинг углеводородлар билан боғлиқ бойлиги эмас. Араб дунёсида бир қанча муҳим давлатлар бор. Жумладан, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср Араб Республикаси ва бошқалар. Мана шу давлатлар қаторида, Қатарнинг бошқаларда мавжуд бўлмаган маълум геосиёсий ва геомафкуравий ресурслари мавжуд.

Қатар деганда кўпчиликнинг хаёлига биринчи бўлиб Ал-Жазира телеканали келади. Ал-Жазира – араб-мусулмон дунёсининг сиёсий кайфиятини, геосиёсий қарашларини шакллантиришда, энг етакчи ОАВ ҳисобланади.

Қолаверса, Қатарнинг сиёсий қарашлари яхши ўрганилган. Қатар – глобалист давлат, расмий Доҳа ислом цивилизациясининг келажаги борасида, маълум лойиҳаларга эга.

Ҳар бир мафкура, дунёқараш тизимларининг марказида ядровий, яъни марказий қадриятлар бўлади. Демократиянинг марказий қадрияти – бу кўпчилик иродаси. Либерал-демократиянинг ядро қадрияти – кўпчилик иродаси ҳамда камчилик ҳуқуқларининг ҳимоя қилинганлиги. Тавҳид динлари бўлмиш иудаизм, христианлик ва исломдаги ядро қадрият – бу солиҳлик. Солиҳлик, ушбу динларга кўра, инсон ва жамиятларнинг дунё ва охиратдаги хавфсизлига ҳамда саодатининг кафили деб кўрилади.

Инсоният глобаллашувга кириб келди. Мусулмон дунёсида “солиҳликни” глобаллашган дунёда ҳимоя қилиш ва парваришлаш борасида, бир қанча қарашлар мавжуд. Баъзи давлатлар ва гуруҳлар, исломни ҳимоя қилиш учун, эркинлик билан, модернизм билан, глобаллашув билан курашиш керак деган қарашда.

Лекин, Қатар ва яна баъзи давлатлар борки, улар ислом цивилизациясини глобаллашувга, сиёсий эркинлик ва фаолликка қарши қўйишмайди, балки глобал дунёдаги яшовчанликнинг шарти сифатида сиёсий фаолликни кўришади.

Давлатлар бир-бирларида элчихоналар очар экан, бу билан “сиз билан сиёсий, иқтисодий ва бошқа алоқалар – жуда муҳим” деган позицияда бўлишади. Ўзбекистоннинг Қатар билан дипломатик, иқтисодий, маданий ва геомафкуравий алоқаларини ривожлантириши – расмий Тошкентнинг халқаро майдондаги субъектлиги ошаётганини ҳам билдиради.

Аслида, глобаллашаётган дунёда, давлатларнинг муваффақиятларидан бири – бу ўзларидаги мустаҳкам ўзликларни эркинликка, сиёсий ва иқтисодий фаолликка пайвандлаш, синтез қилиш, ва натижада катта аҳамиятли лойиҳалар шакллантириш ҳисобланади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Манба: Kun.uz


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият