Бугун тунда юртимиз мусулмонлари яхши ниятлар ила қадр кечасини кутишга тадорик кўрмоқда. Гарчи ҳадисларда “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги 10 кунлигидан изланглар”, дейилган бўлсада, 27-тунни кўпчилик уламолар бил-иттифоқ қадр кечаси, дея нақл қилишган.
Совет даврида, коммунистлар динни юлиб олиш учун ҳаракат қилган ва Исломни турли афсона, ирим ва ёлғон гапларга буркаб кўрсатишган, халқ қалбидан исломи илмлар кўтарилган пайтларда Қадр кечаси ҳақида турли ёлғон тахминлар ҳам мавжуд бўлган. Кимлардир “Лайлатул-қадр - бу катта ва чиройли қуш, шу кечада осмондан учиб ўтади, ким уни кўриб қолиб, яхши тилак билдирса, амалга ошади, агар бирор нарсани ушласа олтинга айланади” дея эътиқод қилишган ва шу тунда ухламасдан ўша афсонавий қуш учиб ўтишини кутишган. Шукрки, ботил тузум ағдарилиб, яна ўзлигимизга қайтдик, қалбларимизга яна чин эътиқод инди.
Уламолар туннинг Қадр кечаси эканлигини англатувчи бир неча аломатларни келтиришган. Жумладан, Қадр кечаси тонгида қуёш кўз қамаштирмайдиган даражада ёқимли нур таратиб чиқади. Бу ҳақда Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг шундай сўзларини ривоят қилади: «Қадр кечаси ойдин ва ёқимли бўлиб, на иссиқ, на совуқ бўлади. У кеча тонгида қуёш нурлари кўз қамаштирмас даражада чиқади».
Нега Қадр кечасининг айнан қайси тунлиги ҳақида очиқ хабарлар келмаган? Бу тун яширин эканлигининг бир қанча ҳикматлари бор:
1. Аллоҳ таоло баъзи нарсалар қаторида Қадр кечасини ҳам яширин қолдирди. Бандалари барча ибодатларга рағбат қилишлари учун Ризосини ибодатларда, гуноҳ бўлган барча ишлардан сақланишлари учун ғазабини маъсиятларда яширди. Инсонлар тавбада бардавом бўлишлари учун тавба қабулини пинҳон тутгани, ҳамиша тайёр туришлари учун ўлим вақтини билдирмаганидек, Рамазоннинг барча кечаларини ғанимат билсинлар, дея ушбу кечани яширин қолдирди.
2. Банда Қадр кечасининг вақтини аниқ билмагани учун умид билан Рамазоннинг барча кечаларида бедор бўлишга ғайрат қилади. Аллоҳ таоло бундай бандалари билан фаришталарига мақтанади: «Сизлар, бандаларимни ер юзида фасод қилиб, қон тўкишади, дер эдингиз. Аммо, яширилган кеча учун қандай ғайрат қилаётганликларини кўринг! Агар мен уларга Қадр кечасини аниқ билдирганимда, уларнинг ғайратлари қай ҳолатда бўлар эди?!» Бу ҳолатда Бақара сураси 30-оятидаги «Мен сизлар билмаган нарсани биламан», жумласининг ҳикмати намоён бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр, 3). Минг ой эса саксон уч йилга яқин муддат. Бу вақтни бир инсон умри дейилса, демак, юқоридаги оятни шундай тушуниш мумкин: «Қадр кечаси бир умрдан яхшироқ!» Мазкур ўринда айтиш лозимки, Қадр кечасининг қадрини 30 минг марта оширган манба Қуръони карим ва унинг нозил бўла бошлаганидир.
Бунинг изоҳи эса шундай: «Эй инсон! Ўзи нозил бўла бошлаган тунни 30 минг марта қимматли этган ушбу Китоб, оддий инсон Муҳаммад ибн Абдуллоҳни оламларга раҳмат сифатида юборилган элчи қилган, одатий жойлардан бири бўлган Маккани муборак ва қутлуғ шаҳарга айлантирган мазкур ваҳий юрагингга, онгингга, турмушингга кирса, зеҳнингга сингиб борса, бир кечасининг барокати бутун умрга етгулик ҳаёт бахш этади сенга!»
Шу муборак кунларда ва Қадр кечасида қилаётган дуо ва илтижоларимизни Аллоҳ қабул айлансин!
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)