date
views 433

Аллоҳнинг розилиги учун...

Аллоҳнинг розилиги учун...

Халқимиз орасида етимлар бошини силаб, эл дуосини олаётган юртдошларимиз талайгина. Уларнинг охиратдаги мукофотлари эса фақат Яратганнинг ўзига аён.

AzonTVда эфирга берилган «Муносабат» кўрсатувининг навбатдаги сонида ана шундай қалби дарё инсон, бир эмас, бир неча етимларни асраб олган тадбиркор Мурод Назаров қатнашди.

Эл оғзига этак тутиб бўлмайди. Мурод Назаровнинг бу савобли ишини ҳам турлича талқин қилиб, турли гумонларга борган кўнгли бузуқ одамлар ҳам  топилади. Айниқса Мурод Назаровнинг қайси мақсадда бу ишга қўл ургани кўпчиликка қизиқ.

  • Барча амалларимиз ва ишларимиз сингари, ҳаётий шиоримиз, ҳаётимизнинг мазмуни бўлган мақсад – Раббимизнинг розилигидан умид қилган ҳолда шу қарорга келганмиз, дейди Мурод Назаров. - Чунки Аллоҳга қайсидир бир амалимиз мақбул келиши ва жаннатга тушмоқ учун шу амалнинг ўзи етарли бўлиши мумкин, дейишади. Лекин ўша амал қайси бири эканини аниқ билмаймиз. Балки шудир, дея умид билан амал қиламиз. Етимлар бошини силаган мусулмон Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлади, деган ҳадислар машҳур.
  • Лекин бу нарсани ҳам мақсад қилиб бўлмайди. Етимларга оталик қилсам, етимлар бошини силаб, меҳр бериб, таълим-тарбия бериб, оқ ювиб, оқ тараб, келажакка, мустақил ҳаётга қадам қўйишига, жамиятга зиёли бир инсон етишиб чиқишига ҳисса қўшсак, деб орзу қилганмиз. Балки шу ишимиз худога мақбул келиб қолар, деган умид билан шу қарорга келганмиз.

Аслида фарзанд ҳам омонат. Фарзанд нега инсонга берилишини аксарият мусулмонлар яхши тушунади. Лекин тушунмайдиганлар ҳам бор. Фарзанд - бизга омонат. Баъзилар болаларидан яхшилик кутишини айтади. Эртага қариганида унга қарамай кетиб қолишидан қўрқишади.  Бу нотўғри. Ота-онанинг вазифаси – яхши исм бериш, тўғри тарбия ва илм бериш, фарзандларига намуна бўлиб, мустақил ҳаётга қўйиб юбориш саналади.

Тўғри тарбия олган бола шундоғам ота-онасини ёлғиз ташлаб қўймайди. Фарзанддан бир нарса кутиш керак эмас. Нафақат янги асраб олинган болалар, ҳатто ўз биологик болаларингиз ҳам омонат ҳисобланади. Улар учун эртага худо олдида жавобгар бўламиз. Эртага комил инсон бўлиб етишиб чиқишига мен масъул ҳисобланаман. Эртага болаларим қиладиган савоб ёки гуноҳ амаллар учун ҳам масъулман.

Оиламизда шундай тартиб ўрнатганмизки, болаларимиз биздан бойлик қолишини умид қилмайди. Биз олдиндан айтганмиз: мустақил ҳаёт бошлагунларингга қадар сизларга максимал даражада ёрдам берамиз. Эртага ўзларинг пул топасизлар. Биз топган-тутганларимизни ўзимиз атрофдагиларимиздан умид қилган ҳолда сарф қиламиз. Ҳамма болаларимиз буни яхши тушунишади. Хаёлларига ҳам келтиришмайди. Биз ахир билмаймиз қайси амалимиз худога ёқишини.

Хуллас, етимхонадан оиламизга фарзанд қабул қилишимиздан мақсад ҳам шу  - балки шу амалимиз бошқа амалларимиз ичидан мақбулроқ бўлар, деганмиз. Ўзи бизда 5 нафар фарзандимиз бор эди. Яна 9 фарзандни қўшдик, жами 14 нафар бўлишди, дейди Мурод Назаров.

Мурод Назаровнинг яна бошқа нозик саволларга ҳам жавоблари билан танишмоқчи бўлсангиз, "Муносабат" кўрсатувининг ушбу сонини Youtube тармоғида батафсил томоша қилинг.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аллоҳнинг розилиги учун...