Фото: yuz.uz
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Беҳзод Фазлиддиннинг муаллифлик ҳуқуқи бузилишига доир даъвоси қаноатлантирилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти адлия бошқармаси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, шоир бошқармага ариза билан мурожаат қилиб, хонанда А. Шерматов ундан рухсат олмаган ҳолда “Айёр дўстларим” шеъридан фойдаланиб қўшиқ куйлаганини билдирган ва унга нисбатан қонуний чора кўриб, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраган.
Адлия органининг даъвоси билан, иш жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўрилган. Суд қарорига асосан, хонанда А.Шерматов муаллифлик ҳуқуқбузарлигини содир этгани тасдиқланган ва у жаримага тортилган.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарори асосида, шоир Беҳзод Фазлиддин фойдасига хонандадан 100 БҲМ, яъни 30 млн сўм товон пули ундириладиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Беҳзод Фазлиддиннинг “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” тўпламидаги айнан шу – “Балосиз, гўёки ғамимни ейсиз” деб бошланувчи “Айёр дўстларим” шеъри 2022 йил ёзида ҳам муаллифлик ҳуқуқи бўйича низо марказида бўлган эди.
Ўшанда хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев бу шеърни муаллифдан рухсатсиз қўшиқ қилгани учун БҲМнинг 80 баробари, яъни 24 млн сўм товон пули ва 2 млн сўм маънавий зарар тўлашга мажбур бўлганди.
“Ҳурматли ижод вакиллари! Муаллифлик ҳуқуқи нафақат номулкий, балки мулкий ҳуқуқ эканлигини унутмайлик. Муаллифлик ҳуқуқингиз бузилса, уни ҳимоя қилиш учун Адлия вазирлиги ёки ҳудудий адлия бошқармаларига мурожаат қилинг!” – дейилади мурожаатда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг