Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган Олмазор туманидаги 134-мактаб ўқувчилари ўртасидаги муштлашув видеосига муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, видеодаги воқеа бундан бир ярим ой муқаддам, 15 март куни 134-мактабнинг орқа томонидаги стадионда юз берган.
Мактабнинг 8-“Б” синф ўқувчиларидан бир гуруҳи Америка киносига тақлидан ўзаро “муштлашув” уюштириб, тасвирга олган. Воқеадан хабардор бўлган мактаб маъмурияти ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналарини йиғиб, мулоқот ўтказган.
Таъкидланишича, ўқувчилар бундай аҳмоқона хатти-ҳаракатлари учун кечирим сўраган ва ўша куниёқ ўзаро келишиб кетган. Ҳозирда уларнинг ўзаро муносабатлари дўстона, дарсларда мунтазам қатнашиб келишмоқда.
“Бу воқеа юз берганидан бери қарийб икки ой вақт ўтгач, видео тасвирларни тарқатишдан кимга қандай наф?! Ўқувчилар ўртасига нифоқ солишдан ёки мактаб маъмурияти, таълим соҳаси ходимлари дилини хира қилишдан кимдир роҳатланадими?!”, — дейилади расмий муносабатда.
Видеодаги ҳолат бўйича Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг