date
views 278

Ўзбекистонда оммавий тадбирлар алоҳида, биринчи ва иккинчи тоифаларга бўлинади

Ўзбекистонда оммавий тадбирлар алоҳида, биринчи ва иккинчи тоифаларга бўлинади

Ҳукуматнинг “Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон айрим қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан оммавий тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашни самарали ташкил этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларга бир қатор ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилмоқда.

Жумладан, оммавий тадбир тоифаларини: 

  • алоҳида (“Янги йил”, “Наврўз”, “Мустақиллик”, “Хотира ва қадрлаш”, “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш”, “Рамазон Ҳайит”, “Қурбон Ҳайит”, “Рождество”, “Пасха” байрамларини нишонлашга доир тадбирлар, “Таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш”, “Умумтаълим мактабларида ўқув йилининг бошланиши ва тугашига бағишланган”, “Сайлов”, “Референдум” ва “Халқаро ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган”, футбол бўйича халқаро миқёсидаги учрашувлар); 
  • биринчи (Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказлари ҳудудида ўтказиладиган алоҳида тоифадаги оммавий тадбир тоифаларига кирмайдиган оммавий тадбирлар);
  • иккинчи (алоҳида ва биринчи тоифадаги оммавий тадбирлар тоифаларига кирмайдиган оммавий тадбирлар) тоифаларга ажратиш; 
  • алоҳида ва иккинчи тоифалардаги тадбирларни ўтказишда Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, биринчи тоифадаги тадбирларни ўтказишда Миллий гвардия ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан манфаатдор давлат органлари ва идоралар билан ҳамкорликда ташкиллаштиришни амалга оширилиши белгиланмоқда.

Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари комплекс тусга эгалигини, бир неча вазирлик ва идораларга тааллуқлилигини (оммавий тадбир ўтказиш объектларининг муҳандислик-техник мустаҳкамлиги, уларда коммуникация, видеокузатув, эвакуация, ёнғинга қарши ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тизимларининг хавфсизлик талабларига мувофиқлигини таъминлаш) инобатга олиб, лойиҳада фаолияти тугатилган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги оммавий тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш комиссиялар фаолияти тегишли ваколатли ички ишлар органи ҳузурида тикланмоқда.

Халқаро, умумдавлат аҳамиятига эга, нуфузли ёки кўплаб иштирокчилари бўлиши кутилаётган оммавий тадбирларни (масалан, футбол бўйича айрим учрашувлар) ўтказишда комиссия ишчи гуруҳининг фаолияти барча ҳолларда, фавқулодда вазиятлар юзага келиши ёки фуқароларнинг хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келишидан қатъи назар, мажбурий тартибда ташкил этилиши, ишчи гуруҳ фаолияти оммавий тадбирнинг тоифасига боғлиқлигини инобатга олиб, унинг таркиби тадбир тоифасидан келиб чиқиб (биринчи тоифадаги тадбирлар ишчи гуруҳига Миллий гвардия вакили) ташкил этилмоқда.

Оммавий тадбирларни ўтказишда ички ишлар органлари ва Миллий гвардияси бўлинмаларининг жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги вазифалар фақат оммавий тадбирлар тоифаси билан фарқланиши ва мазмунан бир хиллигини инобатга олиб, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари бирлаштирилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликларидан ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларидан оммавий тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш комиссияларининг фаолиятини назорат қилиш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомиллари билан боғлиқ вазифалар ва ҳуқуқлар чиқариб ташланиб, уларнинг ўрнига тегишли оммавий тадбирларни ўтказиш объектларининг рўйхатини шакллантиришда, зарурат билан, комиссиялар фаолиятида ҳамда сайловолди учрашувларни ташкил этишда иштирок этиш билан боғлиқ вазифа ва ҳуқуқлар белгиланмоқда.

Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга доир чора­-тадбирлар пуллик асосда амалга оширилиши, бунинг учун тадбир ташкилотчиси рухсатнома олгандан кейин биринчи тоифадаги тадбирлар бўйича Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлинмалари билан, иккинчи тоифадаги тадбирлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари билан тегишли шартнома тузиши киритилмоқда.

Бунда, оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича ҳудудий ички ишлар органлари ёки Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлинмалари хизматлари қиймати бир киши-соат қиймати асосида ҳисобланади. Бир киши-соат қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг етти фоизини ташкил қилади (Бугунги кунда, 300 000 х 0.07 = 21 000 сўм). Шартноманинг умумий қиймати бир киши-соат қийматининг камида 50 фоизини жалб этиладиган ходимлар сонига ва оммавий тадбирни ўтказиш соатлари миқдорига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Шунингдек, оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларидаги айрим атамалар қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, барча тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказишга рухсатномалар бевосита ИИВ томонидан берилиши ортиқча поғона бўлиб, қўшимча оворагарчиликларга замин яратишини инобатга олиб лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомнинг 11-иловасига биринчи тоифадаги оммавий тадбирларга рухсатнома бериш Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар, Тошкент вилояти ИИББ ва вилоят ИИБларига, иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларга - туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бўлимларига юклатилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда оммавий тадбирлар алоҳида, биринчи ва иккинчи тоифаларга бўлинади