16:04 / 30.05.2023
119

Шавкат Мирзиёев: партиялар ролини ошириш учун мажоритар сайлов тизими жорий этилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда давлат хизматлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Қайд этилишича, энди давлат хизматлари учун одамлар овора бўлиб, ариза ёки бланка тўлдирмайди, паспорт ёки бошқа ҳужжат тақдим қилмайди. Давлат идоралари зарур ҳужжатларни электрон тизимдан ўзи олади.

“Ҳар бир маҳаллада электрон хизмат нуқталарини ишга тушириб, уларни барча масалаларни “бир қадам”да ҳал этадиган масканга айлантирамиз.

Коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борамиз. Бизнинг жамиятда бу иллатга мутлақо ўрин бўлмаслиги шарт! Мана шундай принципиал қараш жамиятимиз ҳаётида мустаҳкам қарор топиши учун барчамиз биргаликда қатъий ҳаракат қилишимиз керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Билдирилишича, сўнгги ислоҳотлар доирасида Парламент ваколатлари кенгайиб, Ҳукуматнинг ҳисобдорлиги ошди. Ушбу ўзгаришлар сиёсий партиялардан ҳам ўз электорати олдидаги масъулиятни янада кучайтиришни талаб этади. Шу мақсадда, партиялар ролини ошириш, улар ўз кучи ва имкониятларини амалда намоён этиши учун, аралаш, яъни мажоритар – пропорционал сайлов тизими жорий этилади.

Энди фуқаролар Қонунчилик палатасидаги 150 та депутатлик ўрнининг 75 таси бўйича аниқ бир номзодни сайласа, қолган 75 таси бўйича сиёсий партияга овоз беради. Бундай тизимда биронта сайловчининг овози эътибордан четда қолмайди.

Ҳокимлар Кенгаш олдида, халқ олдида ҳисобдор бўлган тизим жорий этилади. Мол-мулк ва ер солиқлари маҳаллада қолиши ҳисобига, маҳалла бюджетида йилига 3 триллион сўм маблағ пайдо бўлади.

Келгуси йилда “Очиқ бюджет”га бериладиган маблағ 3 карра оширилиб, 24 триллион сўмга етказилади. Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилади.

“Бугунги кунга қадар 7 турдаги тергов ҳаракатларига санкция бериш ваколати судларга ўтказилган бўлса, энди уларнинг доираси янада кенгаяди. Лекин, ҳозир туманда бир судья терговда ҳуқуқни чеклашга санкцияни ҳам ўзи беряпти, ҳам ўзи жиноят иши бўйича ҳукм чиқаряпти. Албатта, бу ерда холислик, адолат бузилади. Шунинг учун, бундан буён терговда ҳуқуқни чеклашга санкция беришни алоҳида судьялар амалга ошириши, ўйлайманки, тўғри бўлади”, деди у.

Жабрланувчининг илтимосига асосан жиноят ишини қўзғатмасдан ҳам ярашиш имконияти яратилади.

“Шунингдек, одамларни “қамоққа олиб тергов қилиш” амалиётини камайтириш, бунинг ўрнига гаров эҳтиёт чорасидан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш лозим.

Ушбу масалада судларимизга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш керак. Қамоқдаги шахслардан олинган “айбни бўйнига олиш” ҳақидаги ариза далил сифатида қабул қилинмаслиги шарт. Дунё амалиётидан келиб чиқиб, жиноят содир қилган шахсларни улар келгусида тузалиш йўлига ўтиши учун, муқобил жазо турларини кенгайтириш зарур. Ҳар бир жазо тарбиявий аҳамиятга эга бўлиши ва такрорий жиноятнинг олдини олишга хизмат қилиши лозим.

Тадбиркорлар учун жиноий жавобгарликни янада либераллаштириш, ўйлайманки, тўғри бўлади. Хусусан, солиққа оид жиноятлар бўйича тадбиркор суд ҳукми чиққунга қадар зарарни қопласа, жавобгар бўлмаслиги керак (ҳозир фақат тергов бошида 30 кун муҳлат берилади)”, деди Шавкат Мирзиёев.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: партиялар ролини ошириш учун мажоритар сайлов тизими жорий этилади
ePN