date
views 225

Сергели машина бозори бузилмоқдами? Бозор маъмурияти буни рад этди

Маъмурият бозор ҳудудидаги соябонларнинг қопламалари янгиланаётганини маълум қилди. Эътиборли жиҳати – бу гап-сўзлар Tashkent Index мажмуасида янги машина бозори иш бошлаётган бир пайтда тарқалмоқда. Бу мажмуа пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли экани айтилади.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги машина бозори ҳудудида соябонлар қопламаси ечиб олинаётгани акс этган видео тарқалди. Видео муаллифи кадр ортидан бозор бузиб ташланаётгани ҳақида гапирган.

Kun.uz ҳолат юзасидан аниқлик киритиш учун Сергели бозори («Iste’molda bo‘lgan transport vositalari va ehtiyot qismlar Sergeli bozori» МЧЖ) маъмурияти билан боғланди.

«Ижтимоий тармоқларда айланаётган Сергели машина бозорининг бузилиши ва бошқа жойга кўчирилиши тўғрисида гап-сўзлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бозорнинг усти ёпиқ қисми, яъни машина сотув зонасидаги соябонлар томининг қопламаси янгисига алмаштириляпти. Бу йил қиш оғир келгани учун томдан чакка ўтиб, бозорга келган харидорлар ҳам, машинасини сотиш истагидаги фуқаролар ҳам қийналишди.

Шу павильондаги том қопламасини, бу ердаги асфалтни, ирригация тизимларини янгилаш орқали харидор ва сотувчиларга қулайлик яратиш ҳамда бозоримизни ривожлантиришни мақсад қилганмиз», дейди бозор маркетинг бўлими бошлиғи Руфат Мавлонов.

Маъмурият аҳоли ўртасида Сергели машина бозори бузилиши ва бошқа жойга кўчирилиши ҳақида нотўғри маълумот тарқалишига сабаб бўлган видео муаллифи билан боғланиб, унга асл ҳолат ҳақида маълумот берилганидан сўнг, у яна бозорга келиб, бошқа видео олган ва биринчи видеоси кесилиб тарқатиб юборилгани учун нотўғри талқинларга сабаб бўлганини таъкидлаган.

Қайд этиш керакки, бу хабарлар пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли экани айтиладиган Tashkent Index саноат экспомаркази машина бозорига айлантирилаётган бир пайтда тарқалгани жамоатчилик эътиборини тортган. Мажмуанинг инстаграм-саҳифасида эълон қилинган видеода 10-12 июн кунлари Tashkent Index’да замонавий автобозор очилиши ҳақида сўз боради. Янги бозорда электромобиллар учун, янги ва иккиламчи автомобиллар учун алоҳида-алоҳида павильонлар ташкил этилиши айтилади.

Қарзлари кўпайиб кетгани ортидан Сергели машина бозори хусусийлаштирилган эди. Шу пайтгача бозор бошқа ҳудудга кўчирилиши ҳақида бир неча марта хабар тарқалган. Жаҳонгир Ортиқхўжаев автомобил бозорини Чинозга кўчиришни таклиф қилган бўлса, кейинчалик бозор Сергели туманининг Тошкент вилоятига туташ ҳудудига кўчирилиши айтилганди.

Маълумот учун, Tashkent Index савдо-мажмуаси Янгиҳаёт (аввал Сергели туманига қараган) туманининг Тошкент вилоятига туташ қисмида жойлашган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сергели машина бозори бузилмоқдами? Бозор маъмурияти буни рад этди