17:55 / 05.06.2023
491

“Барчамиз учун жиддий сигнал бўлди” — қашқадарёлик етти блогер ўз фаолиятини тугатди

“Барчамиз учун жиддий сигнал бўлди” — қашқадарёлик етти блогер ўз фаолиятини тугатди

Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи 7 нафар блогер фаолиятини тамомлаганини эълон қилди. Жумладан майда безориликда айбланиб, яқинда 5 суткадан ”ўтириб чиққан” Капитан Каримов, Мақсуд Музаффаров ва бошқа блогерлар.

Капитан Каримов номи остида ижод қилувчи блогер Умид Каримов telegram каналида 29.05.2023 дея 5 сутка қамалган кунига урғу берар экан, шу кундан барчаси тугаганига ишора қилган.

Капитан Каримов
Фото: Капитан Каримовнинг шахсий архивидан.

“Дарё” журналисти Умид Каримов билан суҳбатлашиб, бундай қарорга келиши сабаби билан қизиқди.

“Суддан бодикамерани кўришини қайта-қайта илтимос қилдим. Адвокат беришини ёки таниш адвокатимга хабар беришимга имкон сўрадим. Суд бодикамерани кўрмади, адвокат билан таъминламади. ИИБ ходимини урмадим, сўкмадим. Аммо, 5 суткага қамалдим”, — дейди блогер фаолиятини тугатишига сабаб бўлган воқеа ҳақида гапирар экан.

“Ишонганим қонун ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эди, уларга ишонч йўқлигини ўз кўзим билан кўрдим“

Автоблогер Мақсуд Музаффаров ҳам фаолиятини тугатганини эълон қилиб, “Менга ота-онамнинг истак-хоҳиши ҳамма нарсадан муҳим. Мен билан шу вақтгача елкама-елка турган барчага раҳмат”, дея сўнгги фикрини ёзиб қолдирди.

Мақсуд Музаффаров
Фото: Мақсуд Музаффаровнинг шахсий архивидан.

“Дарё” журналисти Мақсуд Музаффаровдан қўшимча маълумот олишга уринди.

“Ҳақиқат йўқлигини кўрдим, икки оғиз туҳмат билан қамалиб кетганимдан сўнг ишончим сўнди. Менинг ортимда ‘танкам’ йўқ. Кимга ишонишимни, қайси органга ишонишимни ҳам билмай қолдим, ишонганларим қонун ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эди, уларга ишонч йўқлигини ўз кўзим билан кўргач, умидим сўнди”, — дейди у.

“Сўнгги ишлар барчамиз учун ‘жиддий сигнал’ бўлди” — Азизбек Яздурдиев

Азизбек Яздурдиев
Фото: “Дарё”

Блогер Азизбек Яздурдиев эса “Менда қўрқув бўлмаган. Шундай муҳитда тарбияландим. Ҳақлик учун доим баралла гапирдим, жоним хатарда қолса ҳам. Ватанни ҳеч кимдан кам севмадим, ҳатто ‘ўзбекка душман’ дейишса ҳам. Оиламни тақиб қилишди, шахсиятга тегишди, барибир давом этдим. ‘Сўз эркинлиги’ учун курашдик, бироқ… Бугун вазият жиддийлашди. Сўнгги воқеалар, яъни Капитан Каримов ва Мақсуд Музаффаров билан содир бўлган воқеалар, атиги бир савол учун қамалиб кетиш, нафақат ОАВ, балки инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ сўнгги ишлар барчамиз учун ‘жиддий сигнал’ бўлди.

Биринчи раҳбар томонидан узоқ кутилган эркинликнинг берилиши, яқинда Конституцияда кафолатланган эркинликлардан жуда руҳланган эдим. Бироқ, ўртада катта кучларнинг борлиги (қаршилиги) ҳафсаламни пир қилди. Қисқаси, оиламга тинчлик керак. Шу кунгача, мени ёлғиз қолдирмаган барчага миннатдорчилик билдираман. Бошингиз омон бўлсин”, — дея фаолиятини тугатишига сабаб бўлган воқеалар ҳақида гапирди.

“Вайнер бўлиб қайтишим мумкин ёки шунчаки ҳазил латифалар ёзувчи”, — Отабек Артиков

Фаолиятини тугатган блогерлар орасида Отабек Артиков ҳам бор. У фаолияти якунлашига сабаб бўлган ҳолатлар ҳақида ёзар экан, “Нима топдик нима йўқотдик буни билмайман, билганим сизлар билан ўтган вақтимга ачинмайман”, дейди у.

Отабек Артиков
Фото: Фаррух Файзиев.

“Ҳурматли блогим кузатувчилари бугундан бошлаб мен блогерлик фаолиятимни бутунлай якунлашга қарор қилдим, сабаблари аҳамиятсиз, шунчаки барча тармоқлардан кетишни ва оддий ҳамда сокин ҳаёт кечиришни истайман. Мен блогимдан моддий даромад топиб бойиб кетганим йўқ, машҳурликни кетидан қувганим ҳам йўқ. Машҳур ҳам эмасман. Шунчаки бу хобби орқали одамларнинг оз бўлсада муаммоларини ечишни истаган эдим. Нима топдик нима йўқотдик буни билмайман, билганим сизлар билан ўтган вақтимга ачинмайман. Тўрт йил давомида мен билан бўлган барчага катта раҳмат”, — дейди блогер.

“Дарё” журналисти билан суҳбатда бўлган Отабек Артиков келажакда яна қайтиши мумкинлиги ҳақида ҳам гапириб, қайтса ҳам муаммолар ҳақида ёзмаслигини айтмоқда.

“Вайнер бўлиб қайтишим мумкин ёки шунчаки ҳазил латифалар ёзувчи. Лекин танқид қилмайман. Мурожаат ҳам чиқармайман, қайтган тақдиримда ҳам”, — дейди блогер.

Қашқадарёда шунингдек, блогерлар Зоҳиршоҳ Жўраев, Ўралжон Камолов, Ҳумоюн Худоёровлар ҳам блогерлик фаолияти тугатилганини маълум қилган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Барчамиз учун жиддий сигнал бўлди” — қашқадарёлик етти блогер ўз фаолиятини тугатди
ePN