12:23 / 13.06.2023
60

Тошкентда “Туризм ҳалқаси” барпо этишга 100 млрд сўм ажратилади

Тошкентда “Туризм ҳалқаси” барпо этишга 100 млрд сўм ажратилади

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида 20,7 километр узунликдаги “Туризм ҳалқаси” барпо этилади. Бу ҳақда президентнинг Шайхонтоҳур туманини ривожлантиришга оид қарорида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, шу мақсадда республика бюджетидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига 3 йил муддатга 100 миллиард сўм бюджет ссудаси (қайтариш шарти билан юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга ажратиладиган пул) ажратилади.

“Туризм ҳалқаси”ни барпо этишда қуйидагилар назарда тутилиши лозим: узилишсиз пиёдалар йўлаги, велойўлаклар ҳамда яшил ҳудудлар барпо этиш, суғориш ва ирригация-дренаж тармоқларини реконструкция қилиш, ҳунармандчилик марказлари ва тематик сайлгоҳлар ташкил этиш, аҳоли гавжум кўчаларни тун-у кун фаолият кўрсатадиган савдо, кўнгилочар, гастрономик ва туризм кўчаларига айлантириш, Тошкент шаҳрининг тарихий дарвозаларини қайтариш.

Қарорда белгиланишича, Шайхонтоҳур туманининг архитектура қиёфасини яхшилаш ва инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида 2024 йил 1 июнгача босқичма-босқич туман ҳудудларининг лойиҳа концепцияси (дизайн код ва мастер режалари) ишлаб чиқилади.

Салоҳиятли инвесторларни жалб этган ҳолда, концепция асосида замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, энергия тежамкор технологиялар асосида турар жой мажмуалари барпо этилади.

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида “Туризм ҳалқаси”ни барпо этиш бўйича йўл харитасига қуйидагилар белгиланган:

  • 2023—2024 йилларда Шайхонтоҳур туманида 2 минг ўринли 8 та замонавий меҳмонхона ташкил этиш;
  • 2023 йил ноябргача Оқтепа канали ҳамда Лабзак ва Ўрда маҳаллаларидан оқиб ўтувчи Анҳор бўйи кўчасидаги канал бўйида сайлгоҳ ташкил этиш;
  • 2024 йил июлгача Шайхонтоҳур тумани ҳудудида мавжуд бўлган тарихий дарвозаларни тиклаш (ёки рамзий дарвозалар ўрнатиш);
  • 2023 йил октябргача Абдулла Қодирий кўчасида барпо этилган сайлгоҳ қисмларини боғловчи пиёдалар кўпригини барпо этиш;
  • 2023 йил июлгача Абдулла Қодирий кўчасидаги сайлгоҳни хусусий бошқарувга бериш;
  • 2023 йил ноябргача Гулбозор маҳалласида Тошкентнинг қадимги тарихий кўринишини сақлаб қолган ҳолда туризм кўчасини ташкил этиш;
  • 2024 йилгача Самарқанд дарвоза кўчасидан ўтган Жангоҳ, Чуқуркўприк ва Захариқ коллекторларини тупроқ билан тўлдириш. Пайдо бўлган бўш ер майдонларини аукцион орқали савдога чиқарган ҳолда кўнгилочар кўчалар, ресторанлар, савдо-хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш.

Бундан ташқари, 2023 йил декабргача Чорсу ва Эски жўва бозорларини тартибга келтирилиб, туристик жозибадорлиги ошириш, 2024 йил якунига қадар давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида Ўзбекистон давлат цирки биносини реконструкция қилиш ҳам белгиланган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда “Туризм ҳалқаси” барпо этишга 100 млрд сўм ажратилади
ePN