23:16 / 19.06.2023
621

Героин ташувчи келин, ошқозонда очилган оғу, ходимлар тавбаси...

Героин ташувчи келин, ошқозонда очилган оғу, ходимлар тавбаси...

Фото: Шахсий архив

ХХ аср бошларида Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ортган ва бу ўз навбатида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари олдига мураккаб вазифаларни қўйган эди. Хоразмда 2000-2005 йилларда вилоят прокурори бўлиб ишлаган Дилшод Исроилов “Дарё”га берган қисқача интервьюсида ўша даврдаги вазият ва оғу айланмасига қарши кураш ҳақида айтиб берди.

Келин ҳам ушланди

Вилоят прокурори бўлсам-да, суд ишларида иштирок этардим. Ўшанда бир оиладан тўрт нафар шахс бирин-кетин гиёҳванд моддалар ташишда айбланиб, жазога тортилди. Маҳкамаларнинг бирида ўша оиланинг тўртинчи аъзоси – келинни иши кўриб чиқилди. Мен у ишда прокурор бўлиб қатнашдим.

Ишни кўриб чиқишда маҳалла раиси ва инспекторни чақиртирдим. Улардан бир оиланинг тўрт аъзоси қамалиб кетаётгани, лекин улар бунга бефарқ қараб туришганини айтдим. Қарангки, маҳалла судланаётган аёлга берган тавсифномасида у маҳалла ишларида доимо фаол эканлиги зикр этилган. Мен маҳалла раисидан “Хўп, у маҳалла ишларида айнан нима иш қилган” десам, “Пул бериб турарди”, деб жавоб берди. Маҳалладагилар у пулни қаердан олаётганини наҳотки билмаса?

777 хабарлари

Гиёҳвандликка қарши курашишда телевидение имкониятидан фойдаланишга қарор қилдим. 2000 йили вилоят прокуратурасида телестудия ташкил этилди. Ярим ставкадан иккита журналистни ишга ҳам олдик. Мендан аввалги прокурорни оиласига хизмат қиладиган Damas’ни уларга бердим.

Биз фақат героин ушлангани ҳақида оддий хабар эмас, ўша героинни қаердан ушлангани-ю қанча оиланинг ёстиғини қуритганигача батафсил маълумот беришни бошладик.

Биз хабарларга вилоят телевидениесида 15-20 минутлик кўрсатувларимизга “777” деб ном берганмиз. Бунга сабаб қабулхонамни ички рақами “777” эди. Бу рақам 24 соат ишларди ва фуқаролардан аноним сифатида қонун бузилиши ҳақида маълумотлар келиб тушарди. Ўша келиб тушган маълумотлар ўрганилганда ярмидан кўпи ўз тасдиғини топган ва жиноят иши қўзғатилган.

Ходимлар тавбаси

Ўтказилган махсус тадбирларнинг бирида героин сотувчиси қўлга олинди. Тадбир давом эттирилганда улар билан бирга инспектор, Урганч тумани ички ишлар бўлими ўринбосари ҳам қўлга олинди.

Ҳолатни алоҳида видео қилиб, бошқаларга ўрнак бўлиши учун ушланган ходимларни тавбасини бутун вилоят ички ишлар бошқармаси ва туманлар бўйлаб кўрсатиб чиқдик. Телевидение орқали ҳам бердик.

Ошқозондаги героин

Яна бир ҳолатда аёл киши 50 грамм героин моддасини вазелин орқали ютиб олиб ўтмоқчи бўлади. У Хоразм вилоятининг Бағдод туманидан ўтаётганида ошқозонида ёрилиб кетади. Атрофдагилар унга нима бўлганини билишгани боис ҳеч қандай ёрдам кўрсатишолмайди. Шифохонага олиб келинганида ўлиб бўлган эди. Унинг ичи ёриб кўрилганида ошқозонида гиёҳвандлик моддаси чиқади.

Нима учун бу воқеани эслаяпман, ўша вақтларда аёлларга қонунчиликда анча енгиллик бор эди. Яъни гиёҳванд модда билан қамалиб кетса ҳам бир йилдан кейин амнистияга тушиб, чиқиб кетаверган. Шунинг учун, минг афсуски, ўша вақтларда аёллар бу ишга жуда кўп ёлланган. Қонунчиликдаги бу бўшлиқ ҳозирга келиб тўлдирилган ва жазо муқаррарлиги таъминланиб келинмоқда.

Маълумот учун, Дилшод Исроилов айни вақтда Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директорининг ўқув-методик ишлар бўйича ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Героин ташувчи келин, ошқозонда очилган оғу, ходимлар тавбаси...
ePN