17:13 / 10.07.2023
204

Адолат қарор топди: судма-суд югуртирган “и” ҳарфи

Адолат қарор топди: судма-суд югуртирган “и” ҳарфи
Турмуш ўртоғини ҳақорат қилганликда айбланиб, иши Олий судгача борган эр Сирдарё вилояти суди томонидан яна бир бор оқланди. “Ҳаром” ва “ҳароми” сўзидаги фарқ – биргина “и” ҳарфи уни йиллар давомида сарсон қилди.

Аброр Шамаров маълум сабабларга кўра турмушидан ажрашган, 4 фарзанддан 3 нафари ота билан яшаётганди. 2021 йилнинг 30 ноябр куни Аброр болаларини кўриш учун келган турмуш ўртоғи билан тортишиб қолади ва тортишув вақтида унинг тилидан “ҳаром” деган сўз ишлатилади. Турмуш ўртоғини ҳақорат қилгани учун аввал ҳам МЖтКнинг тегишли моддаси билан маъмурий жазога тортилган Аброрга шу сўз қимматга тушди.

Аёл ИИБга мурожаат қилади ва энди унга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисми (маъмурий жазо қўлланилгандан кейин 1 йил ичида такроран ҳақорат қилиш) билан иш қўзғатилади. Ишни кўриб чиққан ЖИБ Тошкент туман суди судяси Мирали Миррахимов Аброр Шамаровни Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисми (ҳақорат қилиш) билан айбли деб топган ва 5,7 млн сўм жарима жазоси тайинлаган.

Иш 2022 йил Тошкент вилояти суди жиноий ишлари бўйича судлов ҳайъатида қайта кўрилиб, Тошкент тумани судининг чиқарган ҳукми бекор қилинади ва Шамаров оқланади.

Шу билан адолат тиклангандай бўлиб турган бир вазиятда аёлнинг шикояти бўйича ишни кўриб чиққан Олий суд кассация инстанцияси оқловни бекор қилиб, қайта кўриш учун ишни апелляция инстанциясига юборган.

Дарвоқе, Шамаровга нисбатан оқлов ҳукмида таъкидланишича, дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди Олий суд Пленуми қарорлари тушунтиришларига риоя қилмасдан, Аброр Шамаровни айблаш учун (!) фақатгина гувоҳларнинг исботини топмаган кўрсатувларини асос қилиб олган.

Бундан ташқари, судга оид лингвистик экспертиза хулосасига кўра, тақдим этилган дискдаги видеолавҳада Аброр Шамаров турмуш ўртоғи билан тортишувда “ҳароми” сўзини ишлатмагани, “ҳаром” сўзини шаръий нуқтайи назардан талоқ маъносига тенглаштириб қўллагани аниқланган.

Олий суд ишни адолатли кўриб чиқилишини, таниш-билишчиликка йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида такрорий апелляцияни Сирдарё вилояти суди жиноий ишлари бўйича судлов ҳайъатига юклади.

Олий суднинг маълум қилишича, мазкур иш доирасида яқинда бўлиб ўтган суд мажлисида хотинини ҳақорат қилганликда айбланган эр қайта оқланди. Яъни, суд ҳукми билан жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани судининг 2022 йил 9 февралдаги ҳукми бекор қилинди. Шунингдек, Аброр Шамаровнинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан реаблитация қилиниб, у оқланди: суд уни турмуш ўртоғини ҳақорат қилмаган, деб топди.

Тошкент тумани ИИБ терговчилари ҳамда жиноят ишлари бўйича туман суди судьясининг бу каби “адашиш”лари инсонлар учун қимматга тушмоқда. Адолат масканида адолатсизлик қилаётганларга чора кўриладими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адолат қарор топди: судма-суд югуртирган “и” ҳарфи
ePN