
Ҳабарингиз бор ҳар йили 27 июнь мамлакатимизда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу санада журналистика соҳасида фаол ижод қилаётган қаламкашларни муносиб тақдирлаш анъанага айланган. Миллий матбуотимиз ривожи йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган кўплаб хамкасбларимиз ҳар йили Президентимизнинг фармонига биноан Ватанимизнинг юксак унвон ва мукофотлари, орден ва медаллари билан тақдирланади. Бугун ҳам ана шу байрам муносабати билан бир гуруҳ ижод аҳли муносиб мукофотланди.

Ўзбек миллий академик драма театрида ташкил этилган тантанали маросим ушбу санага бағишлаб ўтказилди. Унга вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, матбаачилар, фахрий журналистлар, олий ўқув юртлари журналистика факултетларининг профессор-ўқитувчилари таклиф этилди.Тадбир аввалида давлатимиз раҳбарининг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларга йўллаган табригини Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг сўзга чиққанлар мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, миллий матбуотимизнинг таъсирчанлигини оширишга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтишди. Сўнгги йилларда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда оммавий ахборот воситалари сони, сифат ва таркиб жиҳатдан юксалаётганлигини кўриш мумкин. Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 1400 дан ортиқ ОАВ фаолият олиб бормокда. Улардан 700 га яқини газета 300 таси журнал 65 та телевидение, 31 та радио, 360 га яқини веб сайтлардан иборат.
Хуллас ушбу соҳа жадаллик билан ривожланиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги кун журналистикаси халқаро талабларга жавоб бера олишига гувоҳ бўламиз. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Йилнинг энг фаол журналисти" республика кўрик-танловида матбуот, радио-телевидение ва интернет йўналишида фаолият олиб бораётган 200дан ортиқ журналист 5000 га яқин ижодий иши билан қатнашди.Ташкилотчиларнинг айтишича бу йилги танлов ғолибларини аниқлаш ўтган йилларга қараганда бир оз қийин кечди. Чунки танловга тақдим этилган материалларнинг аксарияти мукофотга лойиқ бўлиб, уларнинг сони ҳам аввалги йиллардан бир мунча кўп бўлди.
Тантанали йиғилишда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳам оммавий спорт тарғиботи бўйича алоҳида фаоллик кўрсатган журналистларни қимматли совгалар билан тақдирлади. Байрам сўнггида Ўзбек Миллий академик драма театри санъаткорлари ОАВ ходимлари учун совға сифатида “Кузги мактублар”спектаклини намойиш этдилар.
манбаа: news.uzreport.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар