14:38 / 20.07.2023
159

Бухорода 40 гектар ерни аукцион орқали олиб беришни ваъда қилган ҳоким ёрдамчиси ушланди

Кадр: YouTube

Бухоро вилоятида пул эвазига аукцион орқали ер ажратиб беришни ваъда қилган ҳоким ёрдамчиси ва туман ҳокимлиги ходими қўлга олинди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Бухоро вилояти ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган фуқаро Когон тумани “Нурафшон” маҳалласининг ҳоким ёрдамчиси ўзининг таниши орқали ҳокимлик балансида бўлган захира ерларидан жами 40 гектар ер майдонини электрон аукцион орқали 500 миллион сўмга сотиб олиб беришини айтиб, эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Аризага асосан Бухоро вилояти ИИБ Тергов-қидирув хизмати ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда ҳоким ёрдамчиси ва унинг таниши Бухоро шаҳридаги савдо дўконида ариза муаллифидан талаб қилган пулдан 5 минг долларни олаётганида ушланган.

Шундан сўнг, уларнинг берган кўрсатмасига асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, Бухоро тумани “Работақалъа” маҳалласида Когон тумани ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлимида ишловчи шахс 5 минг долларни олганда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият